“Chess.com” платформаси орқали ўтказилган “Titled Tuesday” турнирида ҳамюртимиз Жавоҳир Синдоров муваффақиятга эришди.
Халқаро шахмат федерацияси рейтингида юқори ўринларни эгаллаб келаётган Магнус Карлсен, Хикару Накамура, Аржун Эригаиси, Ян Непомняший, Андрей Есипенко, Алексей Сарана, Фабиона Каруана қатори кучлилар билан баҳс олиб борган юртимизнинг маҳоратли шахматчилари Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Шамсиддин Воҳидов, Афруза Ҳамдамова ва Саидакбар Саидалаев муносиб ўйин намойиш этди.


Шахматнинг блиц йўналишида ташкил этилган 11 та турдан иборат ўйинлар натижасига кўра, жаҳон кубоги ғолиби Жавоҳир Синдоров 10 очко жамғариб, ғолибликни тантана қилди.
Терма жамоамиз аъзоларидан Саидакбар Саидалиев – 7/9 очко, Нодирбек Абдусатторов – 6,5/9 очко, Шамсиддин Воҳидов – 5/9 очко ва Афруза Ҳамдамова – 4,5/9 очко жамғаришга муваффақ бўлди.
Т.Рўзиев, ЎзА