Бугун, 23 май куни Швециянинг Мальмё шаҳрида давом этаётган “TePe Sigeman & Co Chess Tournament-2025” турнирининг 4-турида Жавоҳир Синдоров оқ доналарда Эрвин Лами билан баҳс юритади.
Кеча Синдоров қора доналарда туркиялик Ягиз Каан Эрдогмус билан куч синашди. Тенг курашлар остида ўтган ўйиннинг 30-юриш ҳолатида дурангли вазият вужудга келди 40-юришда муроса йўли танланди.

4-тур ўйинлари олдидан Ягиз Каан Эрдогмус, Нильс Гранделиус (Швеция), Жавоҳир Синдоров 2 очко билан турнир жадвалини бошқараётган бўлса, АҚШлик Рэй Робсон ва венгриялик Ричард Раппорт 1,5 очко билан уларни таъқиб этмоқда.
Айтиш лозим, мазкур турнир 1993 йилдан бери анъанавий тарзда ўтказиб келинади. "TePe Sigeman & Co Chess Tournament-2024"нинг ўтган йилги мусобақасида Нодирбек Абдусатторов ғолиблик учун кураш олиб борган эди.

Ўшанда ҳамюртимиз Абдусатторов ФИДЕ байроғи остида турнирда дона сурган Петр Свидлер, ҳиндистонлик Аржун Эригаиси билан бир хил - 4,5 очко жамғариб, қўшимча кўрсаткичларга кўра 3-ўринни эгаллаган.

Бу йилги турнирда маҳоратли шахматчимиз Ж.Синдоров ўтган йили Нодирбек Абдусатторов қайд этган натижани янгилай оладими ёки йўқ, бунга олдиндаги 4 та тур ўйинлари ойдинлик киритиб беради.
Эслатиб ўтамиз, 8 нафар шахматчи иштирокидаги бу галги турнир 7 та турдан иборат бўлиб, 26 майга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА