Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жавдат ЙИЛМАЗ: Жаноб Шавкат Мирзиёев реформатор сифатида жуда ҳам кучли лидер
12:40 / 2024-06-06

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия Республикасига давлат ташрифи арафасида Анқара шаҳрида икки мамлакатнинг 500 дан зиёд ишбилармон доира вакиллари иштирокида Ўзбекистон – Туркия бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Тадбирда Туркия Республикаси вице-президенти Жавдат Йилмаз, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов, Туркия савдо палаталари ва товар биржалари иттифоқи раиси Мустафо Рифат Ҳисоржиқли ўғли иштирок этди.

Анжуманда “Давлат-хусусий шериклик: Ўзбекистон – Туркия ҳамкорлигининг янги истиқболлари”, “Ўзбекистон – Туркия ҳудудлараро ҳамкорлик”, “Хусусийлаштириш – иқтисодий ислоҳотларнинг янги босқичи ва бизнес учун имкониятлар”, “Cаноат ва геология соҳасида қўшма инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш” мавзуларида панел сессиялар ташкил этилди.  

Форумда нутқ сўзлаган Туркия Республикаси вице-президенти Жавдат Йилмаз Президент Шавкат Мирзиёев реформатор сифатида жуда ҳам кучли лидер экани, бир томондан Ўзбекистондаги эркин бозор иқтисодиётини институционаллаштиришга ҳаракат қилаётгани, бир томондан эса Ўзбекистонни дунёга танитаётганини таъкидлади.

Дарҳақиқат, 2017-2023 йилларда Туркия билан савдо қилаётган Ўзбекистондаги тадбиркорлик субектлари сони 2 бараварга кўпайиб, қарийб 5200 тани ташкил қилди. Мазкур компаниялар энергетика, қурилиш, тўқимачилик, туризм, фармацевтика, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби соҳаларда фаолият олиб бормоқда.  

– Амалга оширилган ислоҳотлар аллақачон ўз натижасини кўрсата бошлади. Ишонаманки, бу ҳаракатлар яқин йилларда Ўзбекистон ва унинг халқи учун янаям катта яхшиликлар олиб келади, – деди Жавдат Йилмаз.  –Яна бир нарса ифода қилмоқчиман – ислоҳотлар велосипед ҳайдашга ўхшайди. Педални ҳар доим босиш керак, тўхтаб қолмаслиги керак. Бу форумда қатнашиб, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар давом этаётганини яна бир бор кўриш имконига эга бўлдим.

Йиғилишда, шунингдек, ўтган йили Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги Имтиёзли савдо тўғрисида битим имзолангани юқори баҳоланди. Битим доирасида белгиланган 12 та товар бўйича ўзаро савдо ҳажми  йил якунида 30 фоизга ошган бўлса, жорий йил январь-апрель ойларида ушбу товарлар савдоси ҳажми яна 12 фоизга ўсди.

Тадбир кун тартибидан Туркия компанияларининг салоҳиятли раҳбарлари билан савдо-саноат, соғливни сақлаш, туризм каби қатор соҳаларда янги лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган музокаралар ва тақдимотлар ўрин олди.

Форум доирасида Ўзбекистон – Туркия иқтисодий ва бизнес доираларининг ўзаро манфаатли ҳамкорлигини янада кенгайтиришга қаратилган бир қатор келишувларга эришилди. Хусусан, саноат кластерларини ташкил этиш, энергетика соҳасини қўллаб-қувватлаш, электростанциялар барпо этиш, текстиль ва чарм-пойабзал ишлаб чиқариш, давлат-хусусий шериклик асосида автомобил йўллари, мактаб, мактабгача таълим муассасаларини қуриш юзасидан бир қатор келишув ва меморандумлар имзоланди.

Жумладан, Ўзбекистон – Туркия бизнес-форуми доирасида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият  миллий банки ва Истанбул заргарлар палатаси ўртасида ҳамкорликка эришилди.

Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,

ЎзА