Футбол бўйича Ўзбекистон миллий чемпионати суперлигаси биринчи давра ўйинларини пешқадам сифатида якунлаган Наманганнинг “Навбаҳор” клуби биринчилардан бўлиб, давралар оралиғидаги тайёргарликка киришди.
Шу йилнинг 11 июлидан машғулотларга киришган “Лочинлар” раҳбарияти ўз таркибини кучайтиришга интилмоқда.
Шу мақсадда жамоа сафига Польшада тўп сураётган 25 ёшли маҳоратли ҳужумчи Жасур Яхшибоев жалб этилди. Тошкент вилоятининг Чиноз шаҳрида туғилган ушбу иқтидор соҳиби ўз фаолиятини 2016 йили “Пахтакор” жамоасида бошлаган. Пойтахтликлар таркибида 2019 йилнинг ярмигача тўп тепган Яхшибоев Олмалиқнинг “АГМК” жамоасига ўтган. Шундан сўнг, у фаолиятини хорижда давом эттирди. Жасур 2020 йилги мавсумни Беларуснинг “Энергетик - БГУ” (Минск, 1-давра), “Шахтёр” (Солигорск) жамоаларида ўтказди. Кейинчалик эса Польшанинг “Легия” (Варшава, 2021 йилнинг 1-давраси), Молдованинг “Шериф” (Тирасполь, 2021 йилнинг 2-давраси, 2022 йилнинг 1-давраси) жамоаларида тўп сурди.

Жасур Яхшибоев ўтган йилнинг кузида Молдованинг “Шериф” таркибида Европа Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичи учрашувида Мадриддаги машҳур “Сантьяго Бернабеу” стадионида таниқли дарвозабон Тибо Куртуани доғда қолдириб, “Реал” клуби дарвозасига гол уришга муваффақ бўлган ва ўша ўйинда ҳамюртимиз жамоаси 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган эди.
“Шериф”дан сўнг, “Легия”га йўл олган маҳоратли ҳужумчи бир неча кун олдин польшаликлар билан тузилган шартномани бекор қилиб, юртимизга қайтишга қарор қилди.
“Навбаҳор” шунингдек, “Пахтакор” клубининг 29 ёшли моҳир ҳимоячиси Владимир Козак ва “АГМК” клубининг 28 ёшли тажрибали ярим ҳимоячиси Диёржон Туропов билан ҳам келишувга эришди.
“Лочинлар” сафини 27 ёшли ҳужумчи Андрей Сидоров (у эндиликда “Қўқон-1912” жамоасида тўп суради) ва тожикистонлик 23 ёшли собиқ ярим ҳимоячиси Эҳсони Паншанбе (“Зоб-Ахан” – Эрон) тарк этди.
Давралар оралиғида юзага келган танаффусдан унумли фойдаланиш, футболчиларнинг жисмоний ҳолатини сақлаб туриш, шунингдек, таркибга янги қўшилган ўйинчиларни синовдан ўтказиш мақсадида, “Навбаҳор” жамоаси куни кеча мамлакат про-лигаси вакили – “Бухоро” клубига қарши назорат-синов баҳси ўтказди. Наманган шаҳридаги “Марказий” ўйингоҳ захира майдонида бўлиб ўтган ушбу ўйинда нурсиз дуранг (0:0) қайд этилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА