Қурбон Эшматов ҳақида фақат яхши гапларни эшитганмиз. Устоз журналист ҳуқуқий журналистикада ўзига хос катта ижодий мактаб яратган журналист эди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида атоқли журналист хотирасига бағишланган маърифий анжуман ҳамда "Қадрдон қайрағоч" китобининг тақдимоти ўтказилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид ўтган ижодкорларни хотирлаш инсоний бурчимиз эканини таъкидлади.
—Қурбон Эшматов ўзгача инсон эди, — деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид. — Ниҳоятда бағрикенг, кўнглида кири йўқ, каттаю кичик билан тенг, самимий, очиқкўнгиллик билан муомала қиладиган журналист эди.

—Қурбон Эшматовнинг ўз дунёси бўлиб, у ўша дунёда яшар эди, — деди устоз журналист, "Жаҳон адабиёти" журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев. — У жуда юраги тоза, мард, самимий, кўп одамларнинг йўлини очган, уларга кўмак берган инсон эди.

—Қурбон Эшматов "Туркистон" ("Ёш ленинчи") газетасида шаклланди, — деди фахрий журналист Жаббор Раззоқов. — У раҳбарми, оддий инсонми, барибир, барча билан бирдек тенг, юракдан, самимий, яхши муомалада бўлар эди. Шунданми, дўстлари энг кўп бўлган ижодкор эди. У чин маънода "Жасорат" медалига муносиб журналист эди.
Хотира тадбирида таниқли журналистлар Аҳрор Аҳмедов, "Ишонч" - "Ишонч-Доверие" газеталари бош муҳаррири Ҳусан Эрматов, таниқли журналистлар Шуҳрат Жабборов, Норқобил Жалил, Меҳрибон Қурбонниёзова, Абдурасул Жумақулов, атоқли шоир Салим Ашур ва бошқалар Қурбон Эшматов орият, ҳалоллик, одамгарчилик, садоқат тимсоли бўлиши билан бирга, мукаммал ижод қилган қаламкаш бўлганини алоҳида таъкидладилар.

"Қадрдон қайрағоч" китоби инсон қалбида кечган туйғулар ҳамиша ҳам бир зайлда бўлмаслиги, қарама-қаршиликлар, ҳаёт изтиробларига уйқаш, покликка ундовчи туйғуларга лиммо-лим тўла бўлиши акс эттирилган. Айниқса, оналарни эъзозлаш билан боғлиқ ижод намуналари китобхонни таъсирлантирмай қолмайди.
"Қадрдон қайрағоч"да табиат қўйнидаги мўъжизалар билан бирга жиноят оламидаги нохушликлар, ҳаётий кечинмалар бир-бирини тўлдириб боради. Китобхонни ўйга толдиради.
Айтиш керакки, Қурбон Эшматов 1958 йили Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманидаги Оммағон қишлоғида таваллуд топган эди. У ТошДУ — ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини тамомлаган эди. Таниқли журналист "Ёш ленинчи", "Халқ сўзи", "Ўзбекистон овози", "Инсон ва қонун", "Фермер" каби босма нашрларда фаолият кўрсатган. Унинг публицистик мақолалари, суд очерклари жамиятдаги иллатларни дадил тарзда кенг жамоатчиликка етказишда алоҳида аҳамият касб этган. Фикрни лўнда, аниқ, тўлиқ, қисқа тарзда ифода этиш Қурбон аканинг асосий ижодий услуби эди. Ижодкорнинг "Қамишзор кўра нидо", "Қадрдон қайрағоч" сингари китоблари нашр этилган.
Қурбон Эшматов Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига кўра, "Жасорат" медалига муносиб топилган.
Хотира тадбирида устоз журналист Қурбон Эшматов ҳаёти, инсоний фазилатлари, меҳнат фаолияти ҳақидаги ёрқин ва самимий хотиралар ёдга олинди.
Назокат Усмонова, ЎзА