Ҳунардан – унар
Тошкент вилояти Бўка тумани Бўстон маҳалласида яшовчи ҳунарманд Дониёр Эргашев ҳаёт синовларига бардошли бўлиб, меҳнат ва сабр-тоқат орқали ўз ўрнини топа олган фидойи инсонлардан. У II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс сифатида рўйхатга олинган.

Болаликдан ижодга қизиққан Д.Эргашев бугунги кунда халқ амалий санъати йўналишида самарали фаолият олиб бормоқда. У қўл меҳнатига асосланган буюмлар тайёрлаб, миллий ҳунармандчилик анъаналарини сақлаш ва ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Тайёрлаган маҳсулотлари сифатли ва бежиримлиги билан харидорлар эътиборини қозонган.

Дониёр ўз устида доимий ишлаб, замонавий усул ва янги ғояларни қўллашга интилмоқда. Унинг меҳнатсеварлиги ва қатъияти маҳалла ёшлари, айниқса, ногиронлиги бўлган шахслар учун ўрнак бўлмоқда. Унинг жамият ҳаётидаги фаоллиги ва жасорати давлатимиз томонидан юксак баҳоланиб, 2025 йили “Жасорат” медали билан мукофотланди. Мазкур мукофот унинг фақат меҳнатда эмас, балки ҳаётдаги иродаси, қийинчиликларга қарши матонати учун берилган юксак эътирофдир.
Бугунги кунда у ўз ҳунари орқали барқарор даромад манбаига эга бўлиб, оила фаровонлигини таъминлаб келмоқда. Шунингдек, у ҳунармандчилик сирларини ёшларга ўргатиш, уларни касбга йўналтириш ишларида ҳам фаол иштирок этмоқда.
А.Мусаев, ЎзА.