English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жасорат ва маҳорат мактаби
15:56 / 2022-09-16

Бугун Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Тошкент Молия институти ҳамкорлигида ХХ аср ўзбек адабиётининг йирик намояндаси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Абдулла Қаҳҳор таваллудининг 115 йиллигига бағишланган адабий, маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. “Абдулла Қаҳҳор ҳаёти ва ижоди жасорат ҳамда маҳорат мактабидир” деб номланган ушбу тадбирни Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Мирзо кириш сўзи билан очиб берди.

Тадбирда Тошкент молия институти ректори Тўлқин Тешабаев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Филология фанлари доктори, доцент, адабиётшунос олима Ҳулкар Ҳамроева ва бошқалар сўзга чиқишди. Сўзга чиққанлар Абдулла Қаҳҳор ўзбек адабиётининг ривожига катта ҳисса қўшган забардаст ёзувчилардан бири эканини, унинг ҳикоя ва очерклари, қисса ва романлари, сатирик комедия ва лирик драммалари халқимизнинг маънавий хазинасидан муносиб ўрин олганлигини алоҳида таъкидлаб ўтишди.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Абдулла Қаҳҳорнинг “Анор” ҳикояси асосида Тошкент молия институти талаба-ёшлари томонидан саҳналаштирилган спектакль катта қизиқиш билан томоша қилинди. 

Ташкил этилган рассомлик ва китоблар кўргазмалари, шунингдек, Тошкент молия институти “Молиячи гулшани” ашула ва рақс ансамбли бадиий раҳбари Ниёзали Ортиқматов ва ансамбль аъзоси Муроджон Норбоев томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар хотира кечасига ўзгача шукуҳ бахш этди.  

Хотира кечасини шоира Гулчеҳра Ибрагимова олиб борди. Кеча сўнгида фаол иштирок этган талаба-ёшларга Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан китоблар совға қилинди.

 

 

Ойдин ЙЎЛДОШЕВА,

ЎзА