Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жасорат медалига муносиб ҳаёт
17:42 / 2025-12-16

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида меҳнат, сабр ва ирода билан барпо этилган боғ бор. Унинг соҳибини тақдир синовдан ўтказган, бироқ синовлар уни синдирмаган. Аксинча, руҳини тоблаган. Бу боғдорчилик йўналишида фаолият юритаётган “Ҳасанов Акбар Муҳаммадиевич” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Акбар Ҳасановдир.

Президент фармонига асосан Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан Акбар Ҳасанов “Жасорат” медали билан тақдирланди. Бу мукофот унинг нафақат меҳнатдаги ютуқлари, балки ҳаётга бўлган қатъий иродаси, матонати ва жасоратининг эътирофидир.

Хўжалик тасарруфида жами 12 гектар ер майдони мавжуд. Унинг 4 гектари анор, 7 гектари гилос боғлари, 1 гектари эса иссиқхона, паррандачилик ва чорвачиликка ихтисослашган. Иссиқхонанинг 12,5 сотих қисмида лимон етиштирилади. Жорий йилда ушбу иссиқхонадан 5 тоннадан зиёд ҳосил олинди.

Айни пайтда корхонада 4 нафар ногиронлиги бўлган фуқаро доимий иш билан таъминланган. Бундан ташқари, мавсумий ишлар даврида ҳам ўнлаб ишчи жалб қилинади. Бу эса тадбиркорнинг ижтимоий масъулияти ва инсонпарварлик тамойилларига амал қилиб келаётганини кўрсатади.

Акбар Ҳасановнинг ўзи ҳам иккинчи гуруҳ ногирони. У 10 ёшида автоҳалокат оқибатида икки оёғининг тиззадан паст қисмидан ажралган. Ёш бола учун бу оғир синов эди. Бир муддат тушкунликка тушди, атрофдагиларнинг муносабати, тенгқурларининг мазахи унинг қалбига қаттиқ ботди. Аммо айнан шу алам уни курашишга ундади.

У ўтирган ҳолатда жисмоний машқлар қилишни бошлади, протезга мослашиш осон кечмади. Бироқ вақт ўтиб, бу қийинчиликларни ҳам енгди. Бугун у нафақат протезда эркин юради, балки уни ўзи ясайди. Шу протезда Ҳазрати Султон чўққисига чиқиб келгани эса унинг иродасига яққол мисолдир.

Шундай бўлишига қарамай, у боғдаги ва иссиқхонадаги барча ишларни бемалол бажаради. Баъзан кун бўйи меҳнат жараёнида оёқлари қонталаш бўлиб кетади, лекин у ортга қайтмайди. Доим олдинга интилади. Бугун у кўплаб соғлом одамлардан ҳам зиёдроқ меҳнат қилаётганини ҳаётнинг ўзи исботлаб турибди.

[gallery-26763]

Боғидаги гилосзорга энг сара кўчатлар экилган бўлиб, улардан ҳам серҳосил натижалар олинмоқда. Шу билан бирга, тадбиркор келгусида гилосзор ўрнига ёнғоқзор барпо этишни режалаштирмоқда. Чунки ҳудуднинг об-ҳаво шароити ёнғоқ етиштириш учун янада мос экани амалиётда ўз тасдиғини топмоқда.

– Мукофотланганим ҳақидаги хабар очиғи мени лол қолдирди. Бу медаль менга янада катта руҳий куч, янги мотивация берди. Масъулиятимни янада оширади. Эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорман, – дейди Акбар Ҳасанов.

Акбар Ҳасанов ҳаёти ва меҳнати шуни кўрсатадики, инсон учун энг катта таянч бу соғлом ирода, қатъият ва меҳнатдир. Жасорат медали эса ана шу фазилатларга берилган муносиб баҳодир.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари