Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жасорат, матонат ва ҳалол меҳнат – чинакам ибрат йўли
11:02 / 2022-05-10

9 май — Хотира ва қадрлаш куни мамлакатимизда кенг нишонланди.

Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабага муносиб ҳисса қўшган, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг хотирасини абадийлаштириш ишларига алоҳида эътибор берилмоқда.   

Зеро, босқинчи ва ёвуз кучларга қарши машаққатли курашларда букилмас ирода ва мардлик намоён этиб, бугунги тинч ва осойишта кунларимиз учун жонини фидо қилган жасур юртдошларимизнинг муқаддас хотирасини эъзозлаш ва фахрийларимизнинг ҳурматини жойига қўйиш юртимизда эзгу анъанага айланган. 

Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги  Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари – Аббос Аппанов, Фёдор Федин қатори Акмал Акромов хонадонига бориб, уларнинг ҳолидан хабар олди. 

Акмал ота Адлия вазирлиги тизимида узоқ йиллар меҳнат қилган. 1924 йилда Тошкент шаҳрида туғилган А.Акромов мактабни тугатгач, машинасозлик заводига ишга кирган. У 1942 йилда 18 ёш бўлишига қарамасдан кўнгилли равишда  биринчилардан бўлиб урушга кетган. 

Акмал ота уруш ҳақидаги хотиралари ҳақида “Бу ҳақиқий қирғин эди. Доимий портлашлар, бир неча соат олдин ҳамсуҳбат бўлган йигитларнинг ҳалок бўлаётганини кўриш осон эмас эди...”, деб эслайди. 

А.Акромов ҳақиқий ўзбек ўғлонида бўлиши керак бўлган мардлик, жасурлик топқирлик хислатлари билан ажралиб турар эди ва айнан шу хислатлари учун командирлар эътиборига тушган.  

Сталинград учун бўлган жангда ҳам у ўзининг матонатини кўрсатиб қаҳрамонга айланди. Бир нечта олий унвонлар билан тақдирланди.  

У ўзининг эсдаликларида кўплаб унвонларга сазовор бўлгани, лекин энг эсда қоларлиси – Сталинградни ҳимоя қилгани учун биринчи даражали Ватан уруши ордени ва Днепрни кесиб ўтганлик учун учинчи даражали “Шон-шараф” ордени бўлганини ёзган.  

Урушдан қайтган Aкмал ота савдо соҳаси, озиқ-овқат саноати, юристлар комиссияси ва адлия вазирлиги тизимида ишлаган.  Кейинчалик нафақада бўлишига қарамай Тошкент шаҳар уруш ва меҳнат фахрийлари жамияти, “Нуроний” жамғармаси шаҳар бўлимига раҳбарлик қилди. 

98 ёшни қарши олаётган Акмал ота кўрсатган жасорат ва матонат ва уруш йилларидан кейин қилган самарали меҳнат фаолияти бугунги ёшлар учун катта ибрат мактабидир.  

Н.Абдураимова,  ЎзА