Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Жасорат мактаблари” ўқувчилари Сирдарёда ваъда берди
17:29 / 2025-09-25

“Жасорат” сўзи эшитилганда, хаёлимизга мардлик, ирода ва Ватанга садоқат тушунчалари келади. Кимдир илм йўлини, кимдир санъат оламини танлайди.

Ватанга муҳаббат билан йўғрилган, жасоратни шиор қилган ёшлар эса бошқача йўлдан боради. Ана шу руҳда тарбияланаётган ўғил-қизлар учун Сирдарёда бугун унутилмас кун бўлди.  

Президент Шавкат Мирзиёев — Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондонининг 2024 йил 15 ноябрдаги қарорига мувофиқ, юртимизда янги таълимий йўналиш — “Жасорат мактаблари” фаолияти йўлга қўйилди. Бу ислоҳот ёшларда ватанпарварлик туйғусини кучайтириш, уларни ҳарбий ва интеллектуал тайёргарликнинг янги босқичига олиб чиқишни мақсад қилади. Сирдарё вилоятида ҳам бундай мактабларнинг 11 таси бунёд бўлди. 

Қарор асосида 5-синф ўқувчилари орасидан саралаб танланган 286 нафар бола бугун “Жасорат синфлари”нинг илк ўқувчилари сифатида тарихга кирди. Улар икки босқичли — тест ва жисмоний тайёргарлик имтиҳонлари орқали қабул қилинди.  

Гулистон шаҳридаги Алишер Навоий хиёбонида бўлиб ўтган “Ваъда бериш” маросими ёшлар ҳаётида унутилмас санага айланди. Саҳна безаклари, ҳилпираган байроқлар ва ватанпарварлик руҳи билан тўлиб-тошган тадбирда вилоят ҳокимлиги, Миллий гвардия, Мудофаа, Фавқулодда вазиятлар ва Ички ишлар, Мактабгача ва мактаб таълими  вазирликлари ҳудудий бошқармалари вакиллари, устозлар, фахрий ҳарбийлар, ота-оналар ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.  

Ваъда бериш маросимидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради. Саҳнада Амир Темур бобомизнинг жасоратларини ёритган саҳнавий кўриниш ва Ватан ҳақидаги қўшиқлар томошабинларни руҳлантирди. Миллий гвардия ва Мудофаа вазирлиги ҳарбийларининг жанговар чиқишлари, қурол-аслаҳа намойиши иштирокчиларда ғурур ва ифтихор туйғуларини янада кучайтирди.

– Жорий йилда биринчи бор ташкил этилган “Жасорат синфлари”га тест ва жисмоний тайёргарлик асосида қабул қилинган ўқувчиларимиз ҳар томонлама иқтидорли, – дейди Сирдарё вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Даврон Исоқов. – Улар математика, ЧҚБТ, тарих, чет тили, физика каби фанларни чуқур ўрганади. Шу билан бирга, робототехника, тиббий тайёргарлик, миллий спорт турлари бўйича тўгаракларда ҳам иштирок этади. Йил давомида ҳарбий қисмларда амалий машғулотлар ўтказилиши уларнинг тажрибасини янада бойитади.  

– Ўғлим Одилжон болалигидан ҳарбий бўлишни орзу қиларди, – дейди гулистонлик она Дилноза Ёрқинжонова. – Бугун унинг дастлабки орзуси ушалди. Уни қутлаш учун бутун оиламиз шу ерга йиғилди. Фарзандим тинчликни қадрлайдиган, эл-юртимизга содиқ йигит бўлиб улғайсин.  

Ғулом Примов, ЎзА мухбири