ФОТОРЕПОРТАЖ
Президентимизнинг ўқувчи ёшларни чақирувга қадар бошланғич тайёрлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш чора тадбирлари тўғрисидаги қарорига ижросига мувофиқ республикамиз бўйлаб мактабларда “Жасорат мактаблари” синфларини йўлга қўйиш белгиланган. Бугунги кунда республика бўйлаб жами 208 та ана шундай синф иш бошлаган бўлса, Сурхондарё вилоятида улар сони 15 тага етди.
[gallery-26547]
Шеробод туманидаги 42 – Умумий ўрта таълим мактабида ҳам мазкур “Жасорат мактаби” ташкил этилди. Саралаш имтиҳонларига тумандаги мавжуд 77 та умумтаълим мактабларидан жами 108 нафар бола иштирок этган. Икки босқичли имтиҳон натижаларига кўра 26 нафар ўғил-қиз “Жасорат синфи” ўқувчиси бўлиш бахтига муяссар бўлди.
Маълумот ўрнида шуни айтиш керакки, мактаб қошида ташкил этилган “Жасорат синфи” мактаб маъмурияти томонидан барча таълим стандартларига мос тарзда жиҳозланган. Ушбу ташкил этилган синфлар ёшларнинг иродасини тоблайдиган, уларни ўз ватани ва халқига садоқат руҳида тарбиялайдиган жасорат ва матонат синфига айланиб бормоқда. Бу эса йигит-қизларнинг ҳарбий хизматга, бошқача айтганда эл-юрт тинчлиги ва осойишталиги, осмонимиз мусаффолиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашга бўлган қизиқиши ва интилишининг ортишига замин яратмоқда.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА