ФОТОРЕПОРТАЖ
Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ тасарруфидаги Термиз гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмда “Ёшлар дафтари”га киритилган, Сурхондарё вилоятида муқим иш жойига эга бўлмаган ҳамда ички ишлар назоратида бўлган 100 нафар ёш учун “Жасорат мактаби” ўқув йиғинининг навбатдаги мавсумига старт берилди.
Жорий мавсум иштирокчилари ҳарбий оркестр садолари остида тантанали кутиб олинди. Йиғин аввалида ёшлар тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларга ҳарбий либослар берилди.
Маросимида сўз олган ҳарбий қисм қўмондонлиги ҳамда вилоятнинг мутасадди ташкилот раҳбарлари ушбу йиғин ёшлар учун кўп имконият ва шароитлар яратиб беришини сўзлаб, ундан оқилона фойдаланиш лозимлигини уқтирди. Ўтган йиғинларда ёшларнинг эришган ютуқлари тилга олиниб, иштирокчиларга муваффақият тиланди.
[gallery-25401]
Сўнг ёшлар ўз қизиқишига қараб, гуруҳларга ажратилди ва уларга кун тартибида белгиланган машғулотлар ҳақида маълумот берилди.
Таъкидлаш керак, 10 кун давом этадиган йиғинда иштирокчилар ҳарбий тайёргарлик, спорт ўйинлари, маънавий-маърифий ҳамда турли касблар бўйича машғулотларга жалб қилинади.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА