Пойтахтимизда жойлашган Ғалаба боғидаги “Миллат фидойилари” хиёбонида “Жасорат” китоблар тўплами тақдимоти ўтказилди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия тизимидаги олий ҳарбий ўқув юртлари курсантлари, шунингдек, мутасадди вазирлик, идора ва ташкилотлар вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги томонидан тақдим этилган мазкур тўпламда буюк жасорат соҳиблари – Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик, Маҳмуд Ғазнавий, Шоҳруҳ Мирзо, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдуллахоннинг ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ қимматли маълумотлар жамланган.
Таъкидланганидек, тўпламдаги китоблар буюк аждодларимизнинг ҳаёти, ибратли ҳаёт йўли, Ватан ҳимояси йўлидаги фидойилиги ва жасоратини баён этган. Ундаги ҳар бир сатр томирларида улуғ боболар қони оқаётган миллат фарзандларини юксак мақсадлар сари интилиб яшаш эзгу фазилат, олий бурч эканини ёдда тутишга, энг муҳими Ватанни севишга ундайди.
[gallery-24997]
Китоблар матни саркардалар ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ илмий материаллар асосида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси олимлари, профессор-ўқитувчилар томонидан шакллантирилди ҳамда “Янги аср авлоди” нашриётида чоп этишга тайёрланди.
Тўпламда Амир Темур (муаллиф тарих фанлари доктори, профессор Омонулла Бўриев), Жалолиддин Мангуберди (муаллиф катта илмий ходим Нурёғди Тошов), Заҳириддин Муҳаммад Бобур (муаллиф доцент Отабек Жўрабоев), Темур Малик (муаллиф доцент Ҳусниддин Мамадалиев), Шоҳрух Мирзо (муаллиф доцент Хуршид Файзиев), Маҳмуд Ғазнавий (муаллиф доцент Умида Куранбаева), Абдуллахон II (муаллиф доцент Акбар Замонов)нинг ҳаёти, фаолияти, ҳарбий салоҳияти, асарларининг мазмун-моҳияти, ғоя ва қарашлари ўз ифодасини топган.
Китоб ёшларни қизиқтириши ҳамда ўқишга қулай бўлиши учун А6 формат (чўнтак китоб шаклида)да чоп этилган. Ҳар бири 10 минг нусхада чоп этилган ушбу нашрларни таълим муассасалари, вазирлик, идора ва ташкилотлар кутубхоналарига етказиш кўзда тутилган.
“Жасорат” тўплами китобхонлар, жумладан, ёшларни ўз халқининг буюк ўтмишидан ғурурланишга, аждодларимизга муносиб ворис бўлишга ундаб, уларда Ватан келажаги учун масъулият ҳиссини шакллантиришга хизмат қилади.
Камола Юсупова, Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА