Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Жаслиқ”да жазо муддатимни ўтаган пайт ҳаётимдаги энг оғир синов бўлди”
11:48 / 2021-03-27

У ўшанда университетнинг охирги курсида таҳсил олаётган эди.

Инглиз тилини яхши билгани учун туризм билан шуғулланадиган фирмага ишга кирди.

Давлатбек туристларга ҳамроҳлик қилиб, таржимонлик вазифасини бажарар эди. Аммо бу фирма хориждан туристларни олиб келиб, уларга хизмат кўрсатиш жараёнида ахлоққа зид ҳаракатлар содир этилишига йўл қўйган. Бу ҳолатни фош этган ҳуқуқ-тартибот органлари ўшанда фирмада ишлаётган барча ходимларни жиноий жавобгарликка тортди.

Ҳали талаба бўлган, эндигина катта ҳаётга қадам қўяётган ёш йигит “бир гуруҳ шахслар” ичидан ажралиб чиқа олмади ва тўққиз йилга озодликдан маҳрум этилди. Унинг тергов ҳибсхонасидан чиқиб борган биринчи манзили – ўша машъум “Жаслиқ” қамоқхонаси бўлди.

– “Жаслиқ”да ўтган бир йилга яқин умрим ҳаётимдаги энг оғир синовли давр бўлди, – дейди Д.Раимбеков. – Ўшанда 2016 йил эди, зонага на адвокат, на прокурор кира олмас, бу ернинг ўз қонун-қоидалари бор эди. Бу шафқатсиз тартиб, азоблардан қутилиб чиқа олмасам керак, деб кўп изтироб чекканман. Кунлардан бирида зонага комиссия келди. Айнан шу вақтда мамлакатимизда катта ислоҳотлар бошланган, мамлакатни бошқаришга киришган Шавкат Мирзиёев ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятини кескин танқид қилаётган эди. Ана шу ислоҳотлар ҳатто “Жаслиқ”қа ҳам етиб борди. Менга тегишли “дело” қайта кўриб чиқилди. Жазо муддатим қисқарди ва бошқа муассасага ўтказилдим. Зулм исканжасидан шу тариқа омон қолдим. Бироқ, шу вақт оралағида менинг дардимда қаттиқ куйган отам вафот эди.

Синовлар уни синдириши мумкин эди. Аммо у оилада тўнғич фарзанд бўлгани, онаси, укаси ва синглисига суянч бўлиши учун ҳам тишини-тишига қўйиб, барчасига чидади.

Албатта, ҳеч бир ҳодиса ўз-ўзидан содир бўлмайди. Давлатбек ҳам ўзини мен оппоқ эдим, айбсиз эдим, ноҳақ қамалдим, деб айтмади. Фақат у ўзининг ишлаган фирмаси тоза эмаслиги-ю, шу ерга билмай иша кирганидан кўп афсус чекканини билдирди.

Темир панжаралар ортида хато йўлга тушиб қолганидан афсусланиш баробарида унда бундан буён адашиб қолмаслик, оқни қорадан ажратиш иммунитети ҳам шаклланди. Бу эса унга Президентга мурожаат қилиб, ўзини афв этишни сўраш, ҳалол меҳнат қилишга имкон берилишини илтимос қилишига куч берди.

Давлатимиз раҳбари Давлатбек Раимбековнинг мурожаатига ижобий жавоб қайтарди.

Президентимизнинг 2021 йил 19 мартдаги “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармони билан афв этилганлар ичида Д.Раимбеков ҳам бор эди.

“Наврўз” умумхалқ байрами арафасида халқимизга хос эзгулик, бағрикенглик, инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва кечиримли бўлиш каби олижаноб фазилатларнинг ёрқин ифодаси сифатида имзоланган фармон 140 кишини қайта ҳаётга қайтарди.

Яна бир субҳатбошимиз зангиоталик Комилжон Тоировнинг ҳаёти ҳам Давлатбекникига ўхшаш. Фақат унинг дарди оғирроқ эдики, онаси, турмуш ўртоғи ногирон бўлгани учун икки нафар вояга етмаган фарзандининг ҳоли нима кечгани уни кўпроқ қайғуга солган.

- Яхшиям афв бор экан, белгиланганидан тўрт йил бурун уйга қайтдим, - дейди К.Тоиров. – Давлатимиз раҳбаридан бу бағрикенглик учун жуда миннатдорман. Энди оилам бағрида, ҳалол меҳнат қиламан. Панжара ортида ўтган беш йилда ўзим учун етарлича сабоқ олдим.

Афв этилганлар фақат шулар эмас эди. Кимдир отаси, кимдир фарзанди, яна кимдир севимли ёри тутқинликда экан, улар ҳам руҳан азобга маҳкум эди. Инсонийликнинг юксак намунаси бўлган АФВ туфайли минглаб кишилар қалбидан азоб ариди, шунча кўнгилга ёруғлик инди.

Норгул АБДУРАИМОВА, ЎзА