Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жасим Муҳаммад Ал-Будаивий: Ўзбекистон билан муносабатларимизни янада ривожлантиришдан манфаатдормиз
14:07 / 2024-04-15

"Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши" Стратегик мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг иккинчи йиғилишида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келган Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши Бош котиби Жасим Муҳаммад Ал-Будаивий ўз интервьюсида ушбу форматнинг икки минтақа ривожи учун муҳим аҳамиятини таъкидлади:

— "Марказий Осиё ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши" Стратегик мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг иккинчи учрашувини ўтказишдан мақсад – келгуси йили Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган "Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши" форматидаги иккинчи олий даражадаги саммитга тайёргарлик кўришдан иборат. Яъни, бўлажак йиғилиш яна бир муваффақиятли саммитга пойдевор қўйиш вазифасини ўтамоқда. Яна бир муҳим сабаби эса, Кўрфаз араб мамлакатлари Марказий Осиё давлатлари билан ўзаро яхши муносабатда эканлигидир.

Биз барча илгари сурилган таклифларни амалиётга тадбиқ этамиз. 2023 йилнинг июль ойида Жидда шаҳрида бўлиб ўтган "Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши ва Марказий Осиё" форматидаги олий даражадаги биринчи саммит чоғида илгари сурилган ташаббусларни ҳам амалга ошириб келяпмиз.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, энг муҳим ташаббуслардан бири бу – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари таклифларни турли жабҳаларда ривожлантириш бўйича ҳужжатлар келишувини ишлаб чиқишдир. Ҳозирги кунда Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатлар мазкур таклифларни кўриб чиқмоқда ва биз ушбу келишувни амалга оширишни интиқлик билан кутяпмиз.

Кўрфаз давлатлари ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект, шунингдек, иқтисодий коридорлар яратиш бўйича ҳамкорлик қилиш мумкин бўлган жуда кўп йўналишлар мавжуд. Биз Кўрфаз араб мамлакатлари ва Марказий Осиё давлатлари ҳамкорлигининг истиқболи порлоқ эканига ишонамиз.

Ўзбекистон Кўрфаз мамлакатлари билан икки томонлама асосда мустаҳкам муносабатларга эга. Энг муҳим белгилардан бири бу Ўзбекистондаги Кўрфаз араб давлатлари элчихоналари сони кўплигида ҳам кўриниб турибди. Шунингдек, давлатингиз раҳбарининг минтақамизга ташрифлари, турли тадбирлардаги иштироки, ғоя ва ташаббуслари ва ташқи ишлар вазирининг ташрифлари ҳамда натижаларига назар ташлайдиган бўлсак, Ўзбекистон ғоят юксак поғонада турибди. Ишонч билан айтишим мумкинки Ўзбекистон Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши мамлакатлари орасида алоҳида ўрин тутади. Айниқса, давлатингизнинг Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари ва Қатар билан истиқболли ҳамкорлик режаларини алоҳида қайд этиш керак.

Умид қиламизки, Ўмон, Баҳрайн ва Кувайт билан ҳам ҳамкорлик алоқалари янада кенгаяди. Ўзбекистон Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши мамлакатлари орасида алоҳида аҳамиятга эга. Улар Ўзбекистоннинг позициясини, унинг стандартларини ҳамда минтақавий ва Марказий Осиёдаги ҳақиқий қийматини яхши билади. Шундай экан, биз Ўзбекистон билан муносабатларимизни янада ривожлантиришдан манфаатдормиз.

Муҳаррама Пирматова ёзиб олди,

ЎзА