Жарроҳлик амалиёти учун хорижга боришга ҳожат қолмади
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиали моддий-техник базасини замон талаблари даражасида яхшилаш самараси ўлароқ бу ерда тиббий хизмат сифати сезиларли ошди.
Хусусан, филиалнинг жарроҳлик бўлимида барча турдаги мураккаб операциялар муваффақиятли ўтказилмоқда.
[gallery-24452]
- Кунига 5-6 та юрак-қон томир касалликлари, буйрак кўчириш, мия билан боғлиқ жарроҳлик амалиётларини ўтказамиз, - дейди бўлим бошлиғи, олий тоифали шифокор Ҳусанбой Маҳмудов. - Шу мақсадда пойтахтимиздаги илмий-амалий тиббиёт марказлари, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Германия, Туркия, АҚШ, Россиядаги мутахассислар билан фаол ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари учун энди ҳамюртларимиз хорижга боришларига ҳожат қолмади.
Ҳозирда мазкур бўлимда 47 нафар малакали шифокор ҳамда 175 нафар ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари фаолият кўрсатмоқда.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА