Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жарроҳлик амалиёти муваффақиятли якун топди
12:44 / 2025-12-26

Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридаги болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида тўрт кунлик чақалоқда орқа бел соҳасидаги чурра билан боғлиқ ноёб нейрохирургик жарроҳлик амалиёти муваффақиятли амалга оширилди.

–  Бу турдаги амалиётлар илгари 8–9 ойлик ва 1–2 ёшлик чақалоқларда амалга оширилган, аммо янги туғилган чақалоқда бу турдаги жарроҳлик дунёда ҳам нодир ҳолатлардан бири ҳисобланади деб таъкидлайди нейрохирург Шуҳрат Қиличев. –  Тўрт кунлик чақалоқда бу турдаги амалиётни ўтказиш нафақат нейрохирург ва анестезиологдан юқори даражадаги билим ва маҳорат, балки энг юқори тайёргарликни ҳам талаб этади. Чақалоқнинг кичик организмидаги физиологик хусусиятлар, қон айланиши ва нафас олиш тизимининг барқарор эмаслиги, мушак ва суяк тузилмаларининг нозиклиги бу жараённи янада мураккаблаштиради.

Илгари бу турдаги жарроҳлик фақат пойтахтдаги Республика нейрохирургия илмий-амалий тиббиёт марказида амалга ошириларди. Бу нафақат бемор бола яқинларига қийинчилик туғдирар, балки узоқ масофа боланинг саломатлигига ҳам таъсир қилиши мумкин эди. Энди эса бу турдаги амалиёт Сирдарёда ҳам муваффақиятли йўлга қўйилди.

Амалиётда нейрохирург Шуҳрат Қиличев, анестезиолог Анвар Муҳаммадиев, реанимация бўлими мудири Шерали Ўнгаров, чақалоқ реаниматологи Шерзод Ўсаров, шунингдек Республика нейрохирургия илмий-амалий тиббиёт маркази нейрохирурги, тиббиёт фанлари номзоди Игир Югайлар ҳамкорликда иш олиб боришди.

Амалиёт давомида чақалоқнинг орқа бел соҳасидаги чурра ва унинг атрофидаги тўқималарнинг нозик таркиби, кичик организмнинг физиологик хусусиятлари ва қон айланиши тизими ҳисобга олинди. Жарроҳлик жараёнида юқори технологияли замонавий усуллар қўлланилди, бу эса операцион хавфсизликни максимал даражага олиб чиқди.

Бундай турдаги амалиётлар нафақат чақалоқнинг саломатлигини тиклаш, балки нейрохирургик муаммоларни бартараф этишда илмий ва амалий қимматга эга. Шунингдек, маҳаллий даражада уларни ўтказиш нафақат бемор  яқинларини хурсанд қилади, балки мамлакатнинг ҳудудий тиббиёт муассасаларида юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш ва замонавий жарроҳлик технологияларини жорий этишда ҳам муҳим қадам ҳисобланади.

–  Қизим Солиҳанинг бел орқа соҳасидаги чурра ҳомиладорлигимнинг 9 ойида скрининг текширувидан сўнг маълум бўлди. Республика ихтисослаштирилган оналик ва болалик саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Сирдарё филиалининг малакали акушер-гинеколог ва неонатологлари ёрдами билан чурра кесарча йўл билан олиб ташланиб, фарзандимнинг ҳаёти сақлаб қолинди.  Энди фарзандим соғлом, бу учун шифокорларга раҳмат айтаман, –  дейди ховослик Дилдора Раббимқулова.

Таъкидланишича, бу муваффақиятли жарроҳлик амалиёти Сирдарё вилоятида янги туғилган болаларнинг саломатлиги ва ҳаётига замонавий тиббиёт воситалари орқали хизмат кўрсатишда муҳим аҳамиятга эга бўлди ва бундай ишларнинг келажакда ҳам давом этиши режалаштирилган.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири