Фуқаролик ишлари бўйича Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманлараро судининг 2021 йил апрелдаги суд буйруғига асосан Мансур Жафаровдан вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланган.
Мазкур ҳужжат асосида МИБ Жарқўрғон тумани бўлими ходимлари мажбурий ижро ҳаракатларига киришиб, ажрим ёқасида турган оила вакиллари билан суҳбатлашди. Вояга етмаган бегуноҳ фарзанднинг келажаги учун ўзаро келишмовчиликларга чек қўйиш ва ярашиш таклифи ўртага ташланди. Бироқ, оилани қайта тиклаш бўйича қилинган ҳаракатлар самарасиз кечган бўлса-да, қарздор ота фарзандининг вояга етгунга қадар бўлган алимент пулини олдиндан тўлаб бериш имконияти борлигини маълум қилди.
– Отанинг бу таклифи инобатга олиниб, давлат ижрочиси бир нафар вояга етмаган фарзанднинг 18 ёшгача бўлган алимент миқдорини ҳисоблаб берди, – дейди МИБ Жарғон тумани бўлими бошлиғи ўринбосари Одил Хўжаев. – Шундан сўнг қарздор ота собиқ турмуш ўртоғи билан ўзаро келишиб, жигарбандининг вояга етгунга қадар ҳисобланган 190 миллион сўм алимент пулини бир йўла тўлаб берди.
Ҳужжатлар нотариал тартибда расмийлаштирилгач, Бюронинг туман бўлими ижро ҳужжатини муддатидан олдин тугатиб, қарздорга қўлланилган барча чеклов чораларини бекор қилди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА