Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жарқўрғонлик бола онасига қайтарилди
10:14 / 2023-01-13

Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида яшовчи Музроб Саитов ва Ойгул Нозимова(исм-шарифлар ўзгартирилди)лар бир олам орзу-умидлар билан оила қурган эди. Лекин, бир фарзандли бўлишгач, ўзаро келишмовчиликлар сабабли оилага дарз кетди.

Орзулари саробга айланган Ойгул келин бўлиб тушган уйидан ўғлини ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлди. Ҳали уч ёшнинг остонасида турган норасида жигарбандини ота қўлига ташлаган онаизор унинг келажагини ўйлаб, ҳуқуқ ҳимоячиларидан ёрдам сўради. Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судига мурожаат этди.  

Тарафлар ва холислар иштирокида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида бу масала атрофлича ўрганилиб, одил қарор қабул қилинди. 2020 йил май ойида туғилган боланинг она парваришига муҳтожлигини инобатга олиб, уни она тарбиясига қайтариш зарурлиги белгиланди.  

Суднинг ижро ҳужжати МИБ Жарқўрғон туман бўлими иш юритувига қабул қилиниб, ижро ҳаракатларига киришилгач, Музроб яна бир “ҳунар” кўрсатишга уринди.  

–Жамиятимизда оилавий ажримларнинг ортаётгани, фарзандлар тарбияси ҳамда уларнинг моддий таъминоти оғриқли масалалардан бирига айланди, – дейди МИБ Жарқўрғон тумани бўлими бошлиғи ўринбосари Дадахон Назаров. – Миллий ўзлигимизга хос бўлмаган оилавий ажримлардан бегуноҳ фарзандлар кўпроқ азият чекиши ташвишлидир. Мазкур ҳолатда давлат ижрочилари жавобгарни бир неча марта огоҳлантиришига қарамай, Музроб ўғлини она тарбиясига беришга жиддий қаршилик қилди. Маъмурий жавобгарликка тортилиб, қонунда кўрсатилган ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушинтирилди.  

Айни пайтда бола она тарбиясига соғ-саломат олиб берилиб, ижро ҳужжати ижроси тугатилди.  

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,  

ЎзА мухбири