Жиноят ишлари бўйича Чортоқ тумани судининг ижро варақасига асосан қарздор Ж. М. дан давлат фойдасига 20 400 000 сўм жиноий жарима ундириш белгиланган. Мазкур ижро варақаси Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг туман бўлими иш юритувига келиб тушган. Давлат ижрочиси томонидан иш юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, қарздорга юборилган.
– Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида қарздорга жаримани тўлаши учун ихтиёрий муддат берилган, – дейди МИБ Наманган вилояти бошқармаси масъул ходими Соҳибжон Рафиқов. – Бироқ ана шу муддат мобайнида қарз бартараф этилмаган.
Шундан сўнг, давлат ижрочиси томонидан амалга оширилган мажбурий ижро ҳаракатлари жараёнида қарздорнинг ундирувга қаратилиши мумкин бўлган мол-мулкларининг йўқлиги маълум бўлган.
Жаримани мажбурий ундиришнинг имкони бўлмаганлиги сабабли, амалдаги тартибга кўра, давлат ижрочиси жарима тариқасидаги жиноий жазони, жазонинг бошқа тури билан алмаштириш ҳақида судга тақдимнома киритди.
Жиноят ишлари бўйича Чортоқ тумани судининг 2024 йил 5 июнь кунги ажримига асосан 20 миллион сўмдан ортиқ жарима жазоси озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири