Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жарималардан мақсад нима - аҳолига фойдами ёки зиён?
21:37 / 2023-11-03

Бугунги кунда давлат йўлларда кўнгилсиз ҳодисалар сонини камайтиришга қаратилган бир қатор чора-тадбирларни амалга оширяпти. Шулардан бири – йўл ҳаракати қоидаларини бузганларга нисбатан жарима тизимини қўллашдир. Бутун дунёда бундан кўзланган асосий мақсад – ҳайдовчи ва пиёдаларни йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бажаришга ундаш ва уларни ноқонуний ҳатти-ҳаракатлар амалга оширишдан тийишдир.

Бир қатор мамлакатлар амалиёти шуни кўрсатадики, жарима қоидабузарлар учун психологик ва молиявий тўсиқ бўлиши мумкин.

Тадқиқотларга кўра, Швейцариянинг бешта йирик шаҳрида тезликни чеклаш ва тўхташ қоидаларини бузганлик учун жарима миқдорини ошириш самарали чора бўлиб чиқди. Aвтотураргоҳда тўхташ ва тезликни чеклаш қоидаларини бузиш ҳолатлари мос равишда 32 ва 17 фоизга камайди.

Ўзбекистонда ҳам йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, шаҳар ва қишлоқларда янги йўллар ва кўприклар қурилди, таъмирталаб бўлган кўплаб йўллар реконструкция қилинди. 2023 йилнинг 9 ойи ичида тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойларида қарийб 9,2 минг ётиқ чизиқлар чизилган, 417 та светофор объектлари ҳамда пиёдалар учун 210 та светофор ўрнатилган. 

Шунга қарамасдан, йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолатлари ортиб бормоқда.

Масалан, 2023 йилнинг 9 ойи ичида йўл-транспорт ҳодисалари сони ўтган йилга нисбатан 2,4 фоизга ошган. Энг ачинарлиси, кўп ҳолларда бахтсиз ҳодиса натижасида фуқароларимиз тан жароҳати олиб, ўлим ҳолатлари ҳам кузатиляпти

Шу билан бирга, жарималарнинг асосий вазифаси ЙҲҚ бузилишини олдини олиш эканлигини инобатга олган ҳолда баъзи ижтимоий хавфлилиги даражаси кам бўлган қоидабузарликларни енгиллаштириш амалиёти олиб борилмоқда.

Жумладан, Президент томонидан имзоланган 30.11.2021 йилдаги ЎРҚ-734-сон Ўзбекистон Республикасининг Қонунига биноан ЙТҚ бузганлик учун бир қатор жарималар либераллаштирилди.

Хусусан: 

а) автомобиль эгалари томонидан суғурта полисини олмаганлиги ёки муддати ўтган суғурта полиси билан автомобилни ҳайдаш учун;

б) суғурта полисида кўзда тутилмаган шахс томонидан автомобилни бошқариш ҳолатлари учун жарима миқдори 1 БҲМдан ярим БҲМга туширилди (50%га камайди);

в) телефондан қулоқчинлар орқали ва қўлларни ишлатмасдан туриб сўзлашувлар олиб бориш имкониятини берадиган бошқа ускуналар орқали фойдаланилганда жарима тўланмайдиган бўлди.

Шу билан биргаликда, ҳозирги кунда мамлакатимизда жарималарни ўз вақтида тўлаган фуқаролар учун қўшимча қулайликлар яратилди.

Жумладан, 

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 23.03.2023 йилдаги “Аҳолига маъмурий жарималарни тўлашда қўшимча қулайликлар яратиш ҳамда соҳада коррупцион омилларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Унга кўра, 2023 йил 1 майдан бошлаб маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича қўлланилган жаримани ихтиёрий тўлаш тизими соддалаштирилди.

Жумладан:

– ҳуқуқбузар унга жарима солиш тўғрисидаги қарор топширилган кундан бошлаб 15 кун ичида жаримани тўласа, у 50 фоизга камайтирилади (жариманинг 50 фоизи чегирма қилинади), 30 кун ичида тўласа – жарима миқдорининг 70 фоизини тўлайди (жариманинг 30 фоизи чегирма қилинади).

– мазкур тартиб суд қарорларига асосан қўлланиладиган жарималарга нисбатан ҳам татбиқ этилади.

Бунгача ҳуқуқбузар жарима солиш тўғрисидаги қарор топширилган кундан бошлаб 15 кун ичида жариманинг 70 фоизини ихтиёрий равишда тўлаган тақдирда жариманинг қолган суммасидан озод қилинарди.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, ўзгаришлар жарималар юкини камайтириш ва уларни ихтиёрий тўлаш тизимини соддалаштириш, шунингдек, суд ҳужжатларининг ўз вақтида ижро этилишини таъминлашга ҳам хизмат қилади.

Йўл ҳаракати қоидалари – бу йўл қонунлари. Уларнинг бузилиши фожиали оқибатларга олиб келади. Натижада ҳар йили мамлакат йўлларида минглаб одамлар, жумладан, болалар ҳалок бўлади.

Ўрнатилган қоидаларга риоя қилмаган йўл ҳаракати қатнашчиларига нисбатан жазо чоралари қўлланиши муқаррар. Шу билан бирга, жазодан мақсад биринчи навбатда тарбия. Яъни қонун-қоидани бузган инсон тўғри ҳулосага келиб, бундай ҳатти-ҳаракатлардан тийилиши керак.

Қўшимчасига, агарда фуқаро жаримани ўз вақтида тўласа, у жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод қилинади. Ўз навбатида, бу коррупциянинг олдини олади, шунингдек, жарималарни ўз вақтида тўлаган фуқароларни рағбатлантиради.

ЎзА