English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жарима баллари: мақсад жарима эмас, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўлиши лозим
16:31 / 2023-11-28

Мамлакатимизда йўл ҳаракати қоидаларини янада такомиллаштириш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ҳамда ҳайдовчилар ва пиёдаларнинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш маданиятини ошириш, ҳайдовчиларни тайёрлаш тизимини яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Аммо шунга қарамай, йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаслик оқибатида йўл-транспорт ҳодисалари сони ортиб бормоқда.

Жумладан, транспорт воситасини мастлик ҳолатда бошқариш билан ҳайдовчи ўзининг ҳаракатини англай олмаслиги оқибатида оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлмоқда. Айрим ҳайдовчилар томонидан йўл ҳаракати қоидаларига беписандлик билан қараш, транспорт бошқариш маданиятига риоя қилмаслик, йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчиларига нисбатан ҳурматсизлик, транспорт воситасини кескин бошқариш ёхуд агрессив бошқариш ҳолатлари кўпаймоқда. 

Қонунчилик палатасининг бугунги мажлисида муҳокама қилинган “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги қонун лойиҳаси билан йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, қўпол қоидабузарликлар содир этган шахсларга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлаш, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлган шахс томонидан транспорт воситасини такроран бошқариш учун жиноий жавобгарликни белгилаш назарда тутилмоқда. 

Бундан ташқари, транспорт воситаси ҳайдовчилари томонидан доимий равишда қоидабузарлик содир этганлик учун жарима баллари ҳисоблаш тизимини жорий этиш белгиланмоқда. Яъни, ушбу норма билан ҳисобланган жарима баллари бир йил давомида 12 баллдан ошган ҳолларда охирги содир этилган ҳуқуқбузарлик учун қўшимча жазо тариқасида ҳайдовчини транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тартибини жорий этиш таклиф қилинмоқда. 

Яъни ҳайдовчи бир йил давомида йўл ҳаракати қоидалари билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни содир этиш йўли билан белгиланган миқдордаги жарима балларини тўплаган тақдирда унга нисбатан транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси қўшимча жазо сифатида қўлланиши белгиланмоқда. 

Муҳокамалар давомида депутатлар баллар тизими бўйича белгиланаётган нормалар юзасидан қатор савол, таклиф ва эътирозларини ўртага ташлади. Масъул қўмита ва лойиҳа ташаббускорлари халқ вакилларининг саволларига батафсил жавоб қайтарди. Депутат Ўктам Исломов ушбу лойиҳадан асосий мақсад фуқароларни жаримага тортиш ва маблағ эмас, балки йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, тартибни сақлаш бўлиши лозимлигини таъкидлади. 

Шунингдек, лойиҳада транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазосини судлар томонидан қўлланишини инобатга олиб, йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича ҳисобланадиган жарима баллари белгиланган миқдордан ошганлик учун маъмурий жазони жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди томонидан қўллаш тартиби таклиф қилинмоқда. 

Бундан ташқари, сиқилган табиий газда, суюлтирилган нефть газида ишлайдиган транспорт воситалари билан боғлиқ ҳодисалар бўйича алоҳида моддалар билан маъмурий ва жиноий жавобгарликни белгилаш назарда тутилмоқда. 

Йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга қаратилган мазкур қонун лойиҳаси депутатларнинг қизғин баҳс-мунозаралари ва кенг муҳокамаларига сабаб бўлди. Савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилиниб, Сенатга юбориладиган бўлди. 

Муҳтарама Комилова, ЎзА