Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ЖАРИМА: 15 кун ичида 50 фоизини, 30 кун ичида 70 фоизи ихтиёрий тўланса, қолган қисмини тўлашдан озод қилиниши мумкин
12:06 / 2023-04-07

Суд ҳужжатларини ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бундан уч йил аввал 15 кун ичида жарима миқдорининг 70 фоизини ихтиёрий равишда тўлаган тақдирда, жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод қилинишига оид соддалаштирилган тартибнинг амалга киритилиши ўзининг ижобий самарасини кўрсатди.  

Бироқ, ушбу соддалаштирилган тартибнинг суд томонидан қабул қилинадиган қарорларга нисбатан татбиқ этилмаслиги, шунингдек, амалда айрим маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун белгиланган жарима миқдорининг юқорилиги фуқароларга иқтисодий томондан қийинчиликлар туғдириб келаётган эди. Бу эса, ўз навбатида, маъмурий жарималарни ихтиёрий равишда тўлашда қийинчилик келтириб чиқараётган эди.  

Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида муҳокама қилинган «Маъмурий жарималарни тўлашда аҳолига қўшимча қулайликлар яратилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 332-1-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида»ги қонун билан жарималар билан боғлиқ енгиллик яратилмоқда.  

Қонун билан ҳуқуқбузар унга жарима солиш тўғрисидаги қарор топширилган кундан бошлаб 15 кун ичида жарима миқдорининг 50 фоизини, 30 кун ичида 70 фоизини ихтиёрий равишда тўласа жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод қилиниши белгиланмоқда.  

Энг асосийси, мазкур тартиб эндиликда суд қарорларига асосан қўлланиладиган жарималарга нисбатан ҳам татбиқ этилиши кўзда тутилмоқда.  

Сенат Раиси Танзила Норбоева мазкур масала бўйича фикр билдириб, жамиятимизда ҳуқуқбузарликлар камроқ бўлишини ёки умуман бўлмаслигини истаймиз, жарималар ҳам аслида шу превентив мақсадда қўлланилади, деб таъкидлади. 

Агар инсон ўзи содир этган ҳуқуқбузарликни тан олиб, жавобгарликни тўғри англаб, жарималарни ихтиёрий равишда тез вақтда тўласа, давлат, қонунлар орқали унга ён босиши, имконият, енгиллик бериши керак. Шу жиҳатдан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган бундай нормадан асосий мақсад аҳолига, одамларимизга енгиллик яратишдир.  

Сенаторлар маъқуллаган қонун натижасида маъмурий жарималарни тўлашда аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш ҳамда уларнинг жарима юкини янада камайтириш орқали пул маблағларининг иқтисод қилиниши ва жарималарни ижро этиш тизимини янада соддалаштиришга эришилади.  

Норгул Абдураимова, ЎзА