Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жараёнлар ўрганилди
16:28 / 2026-02-02

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Нодира Рашидова Қорақалпоғистон Республикасининг қатор ҳудудларида бўлиб, жойларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари ҳамда аҳоли турмуш шароитини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар ижроси билан танишди.

Дастлаб Чимбой тумани ҳокими Айбек Тажетдинов билан суҳбат давомида ҳудудни комплекс ривожлантириш, замонавий инфратузилмани шакллантириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, туманда барпо этилаётган турар жойлар, ижтимоий соҳа объектлари ва муҳандислик-коммуникация тармоқларидаги қурилиш ишлари кўздан кечирилди.

Шунингдек, ташриф доирасида “Янги Ўзбекистон” массивида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, Ш.Рашидов кўчасидаги ободонлаштириш лойиҳалари ҳамда қатор ижтимоий-маиший объектлар фаолияти ўрганилди. Лойиҳаларнинг ижроси, сифати ва аҳоли учун яратаётган қулайликлари юзасидан мутасаддилар ахборот беришди.

Ҳудуднинг ишлаб чиқариш салоҳияти ҳам алоҳида эътибор марказида бўлди. Хусусан,  депутат “HD SONS” хорижий корхонасида бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнлари, корхона фаолияти ҳамда ишчилар учун яратилган меҳнат шароитлари билан танишди. Корхона ходимлари билан мулоқот ўтказиб, уларнинг фикр ва таклифларини тинглади.

Булардан ташқари, депутат Вазирлар Маҳкамасининг 173-сонли қарори асосида амалга оширилаётган аҳолини рўйхатга олиш жараёни билан танишди. Ушбу ишлар “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги ҳамда “Расмий статистика тўғрисида”ги қонунлар талаблари асосида олиб борилаётгани қайд этилди.  

Депутатнинг навбатдаги манзили Нукус шаҳридаги маҳаллалар бўлди. Жумладан, “Қаттағар” ва “Байтерек” маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолияти ўрганилди. Маҳалла еттилиги билан учрашувларда аҳоли билан манзилли ишлаш ҳолати, ижтимоий муаммолар, маҳалла тизими самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринлари яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан фикр алмашилди.

Учрашувлар давомида маҳалла фаолиятини ташкил этишда юзага келаётган муаммолар, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар тингланди ҳамда мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Шу билан бирга, Кегейли тумани “Жузимбоғ” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Қозоёқли-обод” қишлоғи аҳолиси билан ўтказилган учрашувда кўтарилган ичимлик суви масаласи ҳам депутат эътиборида бўлди. Қишлоқда 60 тага яқин хонадон мавжуд бўлиб, аҳоли томонидан билдирилган мурожаат юзасидан туман ҳокими билан учрашув ўтказилди. Муаммони ҳал этиш чоралари муҳокама қилиниб, аҳолини яқин кунларда тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича тегишли вазифалар белгилаб олинди. Мазкур масала депутат назоратига олинди.

Умуман олганда, амалга оширилган ташрифлар ҳудудлардаги ислоҳотлар ижросини жойида ўрганиш, аҳоли мурожаатларини тинглаш, мавжуд муаммоларга амалий ечим топиш ҳамда парламент назоратини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири