Хоразм вилоятида 549 та умумтаълим мактабида анъанавий “Сўнгги қўнғироқ” тадбири ўтказилди.
Жорий йил Хоразм вилоятида 22 минг 882 нафар ўғил-қиз мактабни тугатиб, янги ҳаётга қадам қўймоқда.
2021-2022 ўқув йили якунланиши муносабати билан Урганч шаҳридаги 29-сон умумтаълим мактабида ҳам тадбир бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Фарҳод Эрманов қатнашиб, давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиздаги умумтаълим мактаблари битирувчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. Жорий ўқув йилида вилоятида халқ таълими соҳасида эришилган ютуқларга тўхталиб, мустақил ҳаёт остонасига қадам қўяётган йигит-қизларга келгуси ўқиш ва ишларида омад тилади.
Ўқув йилида юқори натижаларга эришган устозлар ва ўқувчилар муносиб тақдирланди.
Мактаб узра жаранглаган сўнгги қўнғироқ садолари ўғил-қизларни янги мақсадлар ва юксак орзулар сари дадил қадам ташлашга ундади.
Шунингдек, тумандаги 50-сон умумтаълим мактабида ҳам устозлар, битирувчи синф ўқувчилари ва уларнинг ота-оналари иштирокида “Сўнгги қўнғироқ” тадбири тантанали равишда ўтказилди.
– Ҳаяжондаман, – дейди мактаб битирувчиси Райҳоной Хайитбоева. – Ўз олдимга жуда катта мақсадларни қўйганман. Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиалига ўқишга топширмоқчиман. Одамларга шифо улашиб, элимиз, халқимиз саломатлигини сақлашга ўз ҳиссамни қўшмоқчиман. Бунинг учун ўз устимда кўпроқ ишлаб, билим оламан. Устозларимнинг ўгитларини, улар берган тарбияни ҳеч қачон унутмайман. Синфдош дўстларимнинг ҳам мен каби катта-катта умид ва орзулари бор. Улар ҳам ўз мақсадларига етишларини тилайман.
– Бундан ўн бир йил олдин мактабга юрагида ҳаяжон билан биринчи қадам босган ўғил ва қизчалар устозлари берган билим, таълим ва тарбиясидан баҳраманд бўлиб, катта йигит-қизлар бўлишди, – дейди мактаб директори Қувончой Қурбонова. – Дўст-дугоналари билан қалам-дафтар талашиб, алифбо ҳарфлари билан танишиб, ёзишни ўргатган устозлар меҳри остида улғайган ўқувчиларимизни олдинда ҳали анча синовлар кутмоқда.
Сўнг битирувчи синф ўқувчилари учун “мактабга биринчи келган куним” номли маърифий тадбир бўлиб ўтди.