ЖАР ХЖС ордери бўйича апрель ойида қарор қабул қилади
Жанубий Африка Республикаси ҳукумати август ойида БРИКС (Бразилия, РФ, Ҳиндистон, ХХР, ЖАР) гуруҳининг саммити мазкур мамлакатда бўлишини ҳисобга олиб, яқин икки ёки уч ҳафтада РФ Президенти Владимир Путинни қамоққа олиш бўйича Халқаро жиноят суди (ХЖС)нинг ордери юзасидан якуний бир тўхтамга келади. Бу ҳақда сешанба куни ЖАР парламентининг халқаро муносабатлар ва ҳамкорликлар бўйича қўмитаси раиси Супра Махумапело маълум қилди.
“Яқин 12-21 кун ичида ЖАРнинг позицияси тўлиқ шакллантирилади ва Россия ҳукумати ва БРИКСга ҳамда Африка иттифоқига аъзо мамлакатларга тақдим этилади”, – деб баёнот берган у маҳаллий SABC радиостанциясига.
Махумапелонинг таъкидлашича, ЖАР ХЖС ордери билан боғлиқ вазият туфайли Россия билан муносабатларини бузишни истамайди. – Биз шунингдек, қароримиз бошқа мамлакатлар билан муносабатларимизга ҳам зиён етказмаслигини ҳоҳлаймиз, деган у. Хабарда айтилишича, ЖАР ҳукумати ушбу масала бўйича БРИКС ва Африка иттифоқи давлатларининг фикрини ҳам билмоқчи.