Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг миллий озчилик бўйича Олий комиссари Қайрат Абдураҳмоновни қабул қилди.
Учрашувда миллатлараро муносабатлар ва ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати маълум қилди.
Жапаров Қирғизистонда кўп миллатли халқлар тотувлиги ва бирлигини таъминлаш, жумладан фуқароликнинг ўзига хослигини шакллантириш, давлат тилини ривожлантириш ва кўп тилликни сақлаш сиёсати олиб борилаётганини таъкидлади.
“Ҳозир “Қирғиз фуқароси” концептуал дастури амалга оширилмоқда. Мактабларда миллий озчилик вакиллари учун кўп тилли таълим соҳасида тажрибалар ўтказилмоқда”, деди, жумладан, Жапаров.
Ўз навбатида, Абдураҳмонов Қирғизистонда миллатлараро тотувлик ва конфессиялараро тинчликка катта эътибор қаратилаётганини эътироф этди.
Томонлар, ЕХҲТ доирасида миллатлараро муносабатлар соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантиришга ҳам келишиб олдилар.
ЎзА