Жанубий Суданнинг Жонглей штатида қуролли тўқнашувлар яна авж олиб, сўнгги ҳафталарда қарийб 280 000 киши уйини тарк этди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотига кўра, юзага келган вазият иқлим ўзгариши, қашшоқлик ва зўравонлик билан қўшилиб, гуманитар инқироз янада оғирлашмоқда. Бу ҳақда APP ёзмоқда.
Ўтган йил декабрь ойи охирида ҳукумат қўшини ва мухолифат ўртасида жанг зўрайиб, марказий ва шимолий ҳудудларда оммавий кўчиш кузатилди. Одамлар очиқ майдонда ёки муваққат бошпанада яшаяпти. Озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа зарур воситалар танқислиги кучайган. Бозорлар ишламаяпти, қишлоқ хўжалиги фаолияти издан чиққан.
Хавфсизлик муаммоси сабаб ҳолат янада мураккаблашмоқда: ёрдам ходимлари ҳалок бўляпти, карвонлар талон-тарож қилинмоқда. Шифохоналарга юзлаб ўқдан жароҳатланганлар келяпти. 13 тиббий муассаса вайрон қилинган ёки фаолиятдан тўхтаган. Оғир юқумли касалликлар тарқалиши тезлашиб, 2025 йил сентябридан буён мамлакат бўйлаб 98 000 га яқин хасталаниш, минглаб ўлим ҳолати қайд этилган.
БМТ Фавқулодда ёрдам бўйича вакили Том Флетчер ҳозирги вазиятни “зўравонлик, иқлим зарбаси ва муҳтожлик бирлашган мукаммал бўрон” деб атади. Мутахассис зудлик билан тинчлик жараёнини тиклаш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш зарурлигини таъкидлаган.
Мусулмон Зиё, ЎзА