Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жанубий Кореянинг собиқ биринчи хоними 15 йилга қамалиши мумкин
19:38 / 2025-12-03

Прокурорлар собиқ президент Юн Сок Ёлнинг рафиқаси Ким Гон Хига акциялар нархини манипуляция қилиш, пора олиш ва парламент сайловларида номзодларни танлаш жараёнига ноқонуний аралашиш каби айбловлар бўйича 15 йиллик қамоқ жазоси, шунингдек, 2 миллиард вон (1,36 миллион доллар) миқдорида жарима талаб қилди, деб хабар бермоқда “The Korea Times” нашри.

Таъкидланишича, жорий йил июль ойида собиқ биринчи хонимга қарши 16 та айбловни текшириш учун махсус адвокатлар гуруҳи иш бошлаган ва у далилларни йўқ қилиши мумкинлигидан хавотирланиб, кейинги ой ҳибсга олинганди. 3 декабрь куни Сеулда Кимга қарши суд мажлиси бўлиб ўтди

– Мен ўзимни ноҳақ ҳис қиляпман, лекин эгаллаб турган лавозимимга нисбатан нотўғри иш қилганим рост, - деди у ўз баёнотида. – Жамоатчиликни ташвишга солаётганим учун узр сўрайман.

2009-2012 йиллар оралиғида бир гуруҳ шахслар ўлкадаги “Deutsch Motors” компанияси акциялари нархини манипуляция қилиб, 91 номдаги 157 та акция ҳисобидан фойдаланган. Олий суд апрель ойида уларнинг айбловларини тасдиқлади. Ким ҳам бу схемага алоқадорликда гумонланмоқда.

Шунингдек, ҳуқуқшунослар таъкидлашича, у 2022 йилда диний гуруҳни қўллаб-қувватлаш эвазига Бирлашиш черковидан воситачи орқали ҳашаматли совғалар, жумладан, қимматбаҳо сумкалар ва олмос тақинчоқлар кўринишида пора олган. 

Ким “ўртакаш” орқали икки марта қимматбаҳо сумкаларни қабул қилиб олганини тан олган, бироқ Бирлашиш черкови билан боғлиқ айирбошлашни рад этган. Собиқ биринчи хонимнинг таъкидлашича, у “Deutsch Motors” ишида акциялар сохталаштирилишидан бехабар бўлган. 

– Мамлакат конституциявий тузумига кўра, ҳеч ким қонундан устун бўлолмайди, -деди прокурорлар ҳукм чиқариш бўйича баҳсда.

Маълумот ўрнида: Ким Гон Хининг турмуш ўртоғи, Жанубий Кореянинг собиқ раҳбари Юн Сок Ёль ўтган йилнинг декабрь ойида мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этганидан сўнг лавозимидан четлатилганди ва у ҳозирда ҳибсда. Юн давлат тўнтаришига уринишда айбланиб судланмоқда, бу эса умрбод қамоқ ёки ҳатто ўлим жазосига олиб келиши мумкин.

Ў.Алимов, ЎзА