English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жанубий Кореянинг етакчи компаниялари ўзбекистонлик тадбиркорлар билан ҳамкорликни йўлга қўймоқчи
20:02 / 2024-04-16

Шу кунларда Жанубий Корея Республикасининг Чунгчонгбук-до провинцияси губернатори Ким Ёнг Хван бошчилигидаги делегация мамлакатимизда бўлиб турибди.

Ташриф давомида пойтахтимизда икки мамлакат ишбилармон доира вакиллари иштирокида бизнес форум ташкил этилди. Шунингдек, Чунгчонгбук-до провинциясининг етакчи компания раҳбарларининг маҳаллий тадбиркорлар билан янги инвестиция лойиҳалари бўйича “В2В” шаклидаги музокаралари бўлиб ўтди.

Тадбирда давлатларимиз ўртасидаги савдо, иқтисодий, ижтимоий, фан, таълим, маданий, гуманитар соҳаларда ҳамкорлик йилдан йилга ривожланиб бораётгани қайд этилди. 

Янги инвестиция лойиҳалари бўйича “В2В” шаклидаги музокараларида асосан косметика ва гигиена воситаларини ишлаб чиқарувчи кореялик ишбилармонлар ўз маҳсулотларини намойиш этиб, ўзбекистонлик тадбиркорлар билан шерикликда иш бошлаш таклифини ўртага ташлади.

- Ўзбекистонда Кореяда ишлаб чиқарилган маҳсулотларга, айниқса, парфюмерияга қизиқиш жуда юқори экан, -дейди “OLDAM” компанияси менежери Дэизи Сонг. - Ўзбекистонликлар нафақат бизнинг маҳсулотларимиз, балки Корея маданияти, тарихи ҳақида ҳам кенг тушунчага эга экан. Бу бизга мулоқот олиб боришимиз ва шериклар топишимизда анча ёрдам берди. Биз асосан, маҳсулотнинг экологик тозалигига эътибор қаратамиз. Бу воситалар ишлатилиб бўлинганидан кейин ҳам табиатга зарар етказмайди. Сувда тез эриб кетиш хусусиятига эга. Ҳозирги кунда Монголия, Малайзия, Сингапур сингари давлатлар билан ҳамкорлик қилиб келамиз. Бугунги учрашув эса Ўзбекистон бозорига киришимизда, ҳамкорликни кенг йўлга қўйишимизда ёрдам бўлди.

Эртага делегация вакиллари Самарқанд шаҳрига жўнаб кетади. У ерда “Зармед” клиникасига ташриф буюриб, соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади. KOICA томонидан барпо этилган Касб-ҳунар таълим маркази фаолияти билан танишади. 

Шунингдек, Чунгчонгбук-до провинциясида жойлашган олий таълим муассасалари ва “Ипак йўли” халқаро туризм университети ўртасида “K-International Student Program” дастури бўйича ҳамкорликни ўрнатиш тўғрисидаги Англашув меморандумини имзолаш кўзда тутилган.

Гўзал Сатторова, ЎзА