Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жанубий кореялик мутахассислар иштирокида тиббий кўрик
16:25 / 2022-02-18

Андижонда Жанубий Кореялик мутахассислар иштирокида аёллардаги саратон касаллигининг олдини олишга қаратилган халқаро лойиҳа доирасида тиббий текширувлар ўтказилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Вирусология илмий-текшириш институти, Жанубий Кореянинг KOFIH фонди ҳамда Республика Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамкорлигида “Республика ҳудудларида, жумладан, Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Андижон вилоятлари аёллари ўртасида одам папиллома вирусини аниқлаш ва бачадон бўйни саратони касаллиги диагностикаси бўйича имкониятларни такомиллаштириш” йўналишида амалга оширилаётган пилот лойиҳа доирасида ўтказиладиган тадбирларда 50 минг нафардан зиёд аёлни тиббий текширувдан ўтказиш кўзда тутилган. Тиббий текширувларни юқори савияда ва самарали ўтказиш учун Андижон шаҳар Тиббиёт бирлашмаси марказий поликлиникаси ҳамда 1-оилавий поликлиникада махсус лаборатория-скрининг марказлари ташкил этилиб, энг замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланди.

– Мазкур халқаро лойиҳа 3 йил мобайнида амалга оширилади, – дейди Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Салоҳиддин Юсупов. – Лойиҳанинг асосий мақсади аёллар ўртасида одам папиллома вируси келтириб чиқарадиган касалликларни эрта аниқлаш орқали саратон касаллигининг олдини олиш ва ОПВнинг юқори онкоген турларини фертил ёшдаги аёллар ўртасида тарқалиш фоизини аниқлаш, саратон касаллигининг иккинчи омили, яъни скрининг аҳамиятини ўрганишдир. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили дунё миқёсида 570 минг нафардан ортиқ аёлда бачадон бўйни саратони биринчи бор қайд этилади, шундан 311 мингтаси ушбу касаллик оқибатида вафот этади. Ўзбекистонда ҳам бачадон бўйни саратони барча ёшдаги аёллар ўртасида кенг тарқалган хасталиклардан бири ҳисобланади. 

[gallery-5812]

Globocan ташкилоти маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ҳар йили 1 минг 800 нафардан зиёд аёлда бачадон бўйни саратони аниқланиб, уларнинг 42 фоиздан ортиғи вафот этади. Ушбу ўлимларнинг аксариятига касаллик ташхиси кеч қўйилиши сабаб бўлади. Бачадон бўйни саратони касаллигини келтириб чиқарувчи сабабларнинг асосийси омилларидан бири одам папиллома вируси (ОПВ) ҳисобланади. 

Амалга оширилаётган лойиҳа айнан одам папиллома вирусини эрта аниқлаш, касаллик кучайишининг олдини олиш, ўз вақтида ва жаҳон стандартлари асосида самарали даволаш имкониятларини кенгайтиради. Бундан ташқари, юртимизда энг замонавий жиҳозлар билан таъминланган учта махсус лаборатория ташкил этилади, ушбу хасталикни ўрганиш, эрта аниқлаш бўйича тизим яратилади, ўлим ҳолатлари камаяди. Икки кун давом этадиган тадбирлар давомида бачадон бўйни саратони касаллиги билан гумон қилинган кўплаб аёллар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Умуман, лойиҳа доирасида 10 минг нафар андижонлик аёл ана шу йўналишда тиббий кўрикдан ўтказилиши кўзда тутилган.

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, 
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА