Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Ф. Эрманов Жанубий Кореянинг чиқиндини қайта ишлаш ва улардан энергия манбаларини олиш бўйича йирик ECOBIO Holdings Cо., Ltd компанияси вакиллари билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Вазирлар Кенгаши раиси меҳмонларни қутлаб, уларга Оролбўйида экологияни муҳофаза қилиш, чиқиндилардан самарали фойдаланиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, ҳудуддаги мавжуд чиқиндиларни саралаш, қайта ишлаш ҳамда уларни энергияга айлантириш имкониятлари, бу борадаги инфратузилма, қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳақида сўзлаб берди.

Жанубий Корея делегацияси соҳадаги илғор технологиялар, чиқиндиларни термик ва биологик усулда қайта ишлаш, улардан биогаз ва бошқа энергия ресурсларини ишлаб чиқариш, амалга оширилган йирик лойиҳалар ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўналишлари ҳақида сўз юритиш асносида чиқинди полигонларини замонавий технологиялар ёрдамида қайта ишлаш, чиқиндидан биометан каби энергия турларини ишлаб чиқариш, атмосфера чиқиндиларини камайтириш механизмлари юзасидан ҳам ўз фикрларини билдириб ўтишди.
Шунингдек, делегация аъзолари ўз компанияларининг халқаро миқёсдаги амалий тажрибасини, экологик тоза технологиялар асосида қурилган замонавий заводлар фаолияти ва уларнинг иқтисодий самарадорлигини акс эттирувчи инфографикаларни намойиш этишди.
Ушбу учрашув ва музокаралар Оролбўйида экологик барқарорликни таъминлаш ва инновацион технологиялар асосида чиқиндиларни иқтисодий ресурсга айлантириш борасида муҳим қадам бўлиши кутилмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири