Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жанубий Кореяда мухолифатчилар вакили президентликка номзодлар орасида етакчилик қилаётгани маълум бўлди
12:00 / 2022-02-07

Жанубий Корея республикасида президентликка номзодлар орасида Фуқаролар қудрати йирик мухолифатчилар партиясидан Юн Сок Ёл олдинда бормоқда. У ҳатто машҳурлик бобида ўзининг рақиби бўлган ҳукумат тепасидаги "Тобуро" Демократик партияси вакили Ли Чжэ Мённи ҳам 5,3 фоизга орқада қолдирмоқда.

Realmeter бюроси 2-4 февраль кунлари мамлакат аҳолиси ўртасида ижтимоий сўров ўтказган эди. 1,5 минг киши иштирок этган мазкур сўров натижалари душанба куни эълон қилинди.

Хабарда келтирилишича, Юн Сок Ёлни респондентларнинг 43,4 фоизи қўллаб-қувватлаган. Бу бир ҳафта олдин бўлиб ўтган аввалги сўров натижаларига қараганда 3,2 фоизга кўпдир. Ли Чжэ Мён номзодини маъқуллаётганлар эса сўровда иштирок этганларнинг 38,1 фоизини ташкил этган, яъни аввалги сўров натижасига қараганда 0,4 фоизга оз. Номзодлар орасида машҳурлик бўйича учинчи ўрин Халқ партиясидан номзод Ан Чхол Суга тегишли бўлди. Уни респондентларнинг 7,5 фоизи қўллаб-қувватлаётгани маълум қилинди.

Амалдаги президент Мун Чжэ Иннинг фаолиятини сўров иштирокчиларининг 54,4 фоизи салбий, 42,2 фоизи ижобий баҳолаган. Сиёсатчиларнинг фикрича, бу жуда яхши натижа. Чунки мамлакатнинг аввалги етакчилари рейтинги президентлигининг сўнгги йилларида ҳатто 10 фоизгача ҳам тушиб кетарди.

Корея Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг (МСК) душанба куни тарқатган хабарига кўра, президент сайловига номзодларни рўйхатга олиш 13 ва 14 февралда бўлиб ўтади. Шундан кейин 22 кунлик тарғибот кампанияси старт олади. Жанубий Кореяда президент сайлови 9 мартга мўлжалланган.