Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жанубий Кореяда кўплаб ҳамкорлик учрашувлари ўтказилди
15:36 / 2026-01-21

Корея Республикасининг Сеул шаҳрида «Сирдарёда бизнес қилинг!» шиори остида ташкил этилган бизнес-форум Сирдарё вилоятининг халқаро инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш йўлидаги навбатдаги амалий қадами сифатида эътироф этилди.

Тадбирда 50 дан ортиқ кореялик компания вакиллари ҳамда Сирдарё вилоятидан 20 га яқин тадбиркор фаол иштирок этди.

Форум давомида Сирдарё вилояти делегацияси нуфузли кореялик компаниялар раҳбарлари билан кўплаб икки томонлама учрашувлар ўтказди. Бу учрашувларда Корея онлайн импорт ва экспорт ассоциацияси, 3H Korea, Tubestar Co, Arizon, Sysmate, Happy LNB, Gem Nanotechnology, OTTO, Filmax AMP ва Toytron Co каби йирик компаниялар билан инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, қўшма корхоналар ташкил этиш ва янги иш ўринлари яратиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов бошчилигидаги делегация Кореяга хизмат сафари давомида вилоятнинг инвестиция салоҳияти, қулай географик жойлашуви, транспорт-логистика имкониятлари ва тадбиркорлар учун яратилган имтиёзларни  тақдим этди.

Шунингдек, делегация Инчхон шаҳрида Инчхон савдо-саноат палатаси раиси Парк Чубонг билан учрашиб, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилди. Ундан ташқари, UCL ва Evervolution компаниялари раҳбарлари билан олиб борилган музокараларда саноат, қурилиш, логистика, қишлоқ хўжалиги, таълим ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳамкорлик йўналишлари кўриб чиқилди.

Сафар давомида делегация Sun Moon University университетига ҳам ташриф буюрди. Бу ерда Гулистон шаҳрида университет филиалини ташкил этиш масалалари муҳокама марказида бўлди. Ташаббус ҳудудда таълим соҳасини ривожлантириш ва халқаро тажрибани жорий этишда эътиборга моликлиги алоҳида қайд этилди.

Форум доирасида B2B ва G2B форматдаги учрашувлар ташкил этилди. Аниқ инвестиция лойиҳалари бўйича меморандум ва шартномалар имзоланиши режалаштирилган.

Иштирокчиларнинг таъкидлашича, бундай учрашувлар нафақат инвестиция ва ҳамкорлик имкониятларини кенгайтириш, балки Сирдарёнинг халқаро майдондаги обрўсини ошириш, маҳаллий тадбиркорлик салоҳиятини ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратишда катта аҳамият касб этади.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири