Жанубий Кореяда инфляция 10 йил ичида илк бор 4 фоиздан ошди
Жанубий Кореяда йиллик инфляция март ойида 4,1 фоизга етди, бу 10 йилдаги энг юқори кўрсаткич бўлди, деб хабар бермоқда Yonhap агентлиги сешанба куни миллий статистик бошқармаси манбаларига таяниб. Хабарда таъкидланишича, инфляция ўсишига энергоресурслар нархининг ошгани сабаб бўлмоқда.
"Инфляция ўсишига нефть маҳсулотлари нархининг ошгани сабаб бўлмоқда. Нархлар эса Украина инқирози туфайли ошмоқда. Айни дамда инфляцияни кескин пасайтириш имконияти жуда оз", – деган статистика бошқармаси ходими О Ун Сон.
Жанубий Кореяда март ойида нефть маҳсулотлари нархи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 31,2 фоизга ошди, февралда эса 19,4 фоизга ошганди, дейилади хабарда.
Жанубий Корея марказий банки ҳисоб-китобича, истеъмол нархлари ошиш суръати Украинадаги воқеалар фонида нефть ва буғдой нархларининг ошиши сабабли 4 фоиздан юқори бўлади.
Мамлакатда инфляция даражаси февралда 3,7 фоизни ташкил этганди. 2011 йил декабрда эса, ушбу кўрсаткич 4,2 фоизгача етган.