Жанубий Корея Россия нефтининг нархини чеклаш режасига қўшилмоқчи
Жанубий Корея иқтисодиёт ҳамда стратегия ва молия вазири Чху Гён Хо АҚШ молия вазири Жанет Йеллен билан учрашувда Сеул Россия нефтининг нархини чеклаш бўйича чораларга қўшилишини маълум қилди, деб хабар тарқатди Рёнхап агентлиги.
Йеллен Сеулга ташрифи чоғида мамлакат раҳбари Юн Сок Ёл билан учрашган ва Корея банки раҳбари Ли Чхан Ён билан ҳам мулоқотда бўлгани айтилмоқда.
АҚШ молия вазири Чху Гён Хо билан учрашув чоғида Россия нефтининг нархига чеклов жорий қилиш зарурлигини яна бир бор эслатиб, бунга Жанубий Корея иштирок этишини сўраган.
"Биз Россия нефти нархини чеклаш чораларини кўраётган мамлакатлар сафига қўшилишга тайёрмиз. Нефть нархини чеклаш самарали натижа бериши керак, яъни халқаро нефть нархи ва истеъмол нархлари барқарор бўлиши лозим", - деган вазир.
Йеллен Жанубий Корея томонига ушбу чорани тўғри тушунгани учун миннатдорчилик билдириб, Сеул чеклов тизимларини ишлаб чиқишга қўшилишига умид қилишини айтган, деб ёзмоқда РИА Новости.