Польшага етказиб берилаётган қурол-яроғ Жанубий Корея учун тарихда энг йирик мудофаа экспорти битими ҳисобланади. Мазкур шартноманинг умумий қиймати тахминан 14,5 миллиард долларни ташкил этади, дейилади Жанубий Кореядаги "Мэиль Кёнчже" нашри тарқатган хабарда.
Нашрнинг ёзишича, Жанубий Корея мудофаа маҳсулотлари экспорти бўйича ўз тарихидаги энг йирик шартномани имзолашга муваффақ бўлган. Унинг қиймати аввалги рекорддан қарийб беш баробарга кўп. Ўшанда Бирлашган Араб амирлигига қиймати 3,5 миллиард долларлик бошқариладиган ўрта масофа Cheongung II M-SAM ракеталарини етказиб бериш бўйича шартнома имзоланган эди.
Аввалроқ Польша Жанубий Кореядан мингта К2 танки, 600 та К9 замбараги ва FA-50 қирувчи самолётларидан учта эскадрильяни сотиб олиш бўйича келишувга эришганини маълум қилган эди.
Польшага мудофаа маҳсулотларини етказиб бериш бўйича ҳужжатнинг имзоланишида Жанубий Кореянинг Hyundai Rotem, Hanwha Defense ва Korea Aerospace Industries (KAI) каби йирик мудофаа компаниялари иштирок этган. Хабарда келтирилишича, Жанубий Корея томони ҳозирча ушбу битимнинг тафсилотларини сир тутмоқда.