Жанубий Корея президенти Ли Чже Мён мамлакат иқтисодий манзарасига доир муҳим сигнал берди: яқин ойлар ичида миллий валюта — вон АҚШ долларига нисбатан мустаҳкамланиши мумкин. Етакчи ички чораларнинг ўзи етарли эмаслигини очиқ тан олиб, валюта бозори ташқи омилларга ҳам боғлиқлигини таъкидлади.
Бу баёнот бозорлар учун ижобий ишора бўлди. Инвесторлар доллардан қисман воз кечиб, вонга ўта бошлади ва натижада валюта қисқа фурсатда мустаҳкамланди. Ҳукумат эса сўнгги йилларда рекорд даражада заифлашган вон иқтисодий ҳолатни тўлиқ акс эттирмаётганини қайд этиб, уни узоқ муддатли ва барқарор механизмлар орқали қўллаб-қувватлаш ниятида эканини билдирди.
Президент вонга босимнинг муҳим сабаби сифатида Япония пул бирлиги – иенанинг заифлашувини кўрсатди. Шунга қарамай, у Жанубий Корея валютаси минтақада нисбатан барқарорроқ сақланиб қолаётганини маълум қилди.
Давлат раҳбари фонд бозори масаласини ҳам четлаб ўтмади. Унинг фикрича, ўлка акциялари ҳали ҳам глобал миқёсда паст баҳоланмоқда. Бу ҳолат иқтисодчилар орасида “Корея дисконти” номи билан танилган бўлиб, у корпоратив бошқарувдаги ёпиқ тизим, паст дивиденд сиёсати ва сиёсий хавфлар билан изоҳланади.
Шу билан бирга, реал кўрсаткичлар бу эҳтиёткорликни тўлиқ оқламаяпти. Мамлакатнинг асосий фонд индекси — KOSPI йил бошидан буён жадал ўсиб, технология, сунъий интеллект ва ярим ўтказгичлар соҳасидаги сакраш ҳисобига янги босқичга чиқди. Ўтган йилги рекорд натижалар Жанубий Кореяни дунёдаги энг тез ривожланаётган бозорлар қаторига олиб чиқди.
Президент Ли назарида, агар технологик ўсиш суръати сақланиб қолса, KOSPI учун илгари тасаввур ҳам қилинмаган марралар — 5 000 пунктдан юқори даражалар ҳам реал сценарийга айланиши мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА