Жанубий Корея мамлакат ҳудудида коронавирусни даволаш учун Pfizer компанияси ишлаб чиқарган Paxlovid препаратини 16 ёшдан юқори аҳоли қабул қилишига рухсат берди, деб маълум қилди Корея Республикаси Маҳсулотлар ва дори-дармонлар сифатини назорат қилиш бошқармаси.
Эксперт комиссияси томонидан таблетканинг хавфсизлиги ва самарадорлигига баҳо берилгандан кейин бошқарма Paxlovid препаратини таблетка кўринишида қабул қилишни маъқуллади.
Хабарда таъкидланишича, бу коронавирусга қарши курашда фойдаланилиши мумкин бўлган ушбу кўринишдаги илк дори ҳисобланади. Қолган иккита препарат, ремдесивир ва Жанубий Кореянинг Rekirona дориси укол қилиш йўли билан қабул қилинмоқда.
Бошқарманинг маълумот беришича, Paxlovid препарати оғир касалларнинг касалхонага ётқизилиши ёки ўлим билан боғлиқ хавфларни сезиларли равишда камайтиради. Шунингдек, бошқарманинг таъкидлашича, Paxlovid “омикрон” штаммига қарши ишлатилганда ҳам самара беради. Жанубий Кореяда сўнгги пайтларда COVID-19 билан касалланиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда, ўртача кунлик кўрсаткичлар 7 мингдан ошиб, бир неча бор рекорд даражани қайд этди.