Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жанубий Корея билан ҳамкорликда очилган клиникада 150 дан ортиқ мураккаб жарроҳлик амалиёти бажарилди
17:34 / 2021-01-22

Мамлакатимиз тиббиёт тизимида хусусий сектор улушини оширишга берилаётган эътибор натижасида бу йўналишдаги шифохоналар сони кўпаймоқда. Шунингдек, юртимизда АҚШ, Россия, Хитой, Германия, Ҳиндистон, Туркия, Жанубий Корея, Исроил каби давлатлар билан ҳамкорликда кўплаб замонавий хусусий клиникалар иш бошлади.

Хусусан, Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида тиббиёт ва фармацевтика соҳасидаги алоқалар изчил ривожланмоқда. Бунинг натижасида Тошкент шаҳрида кореялик мутахассислар билан ҳамкорликда тўртинчи даражали болалар кўп тармоқли миллий тиббиёт марказини бунёд этилди.

Бухоро шаҳридаги “Himchan” клиникаси ҳам ана шундай ҳамкорликнинг муҳим кўзгусидир. Уни барпо этган Жанубий Кореянинг энг таниқли “Korea medical Foundantion Sangwon Hospital Himchan” клиникаси жаҳонда травматология-ортопедия ва нейрохирургия марказларини қуриш ва жиҳозлаш бўйича катта тажрибага эга бўлган нуфузли муассаса ҳисобланади.  

“Himchan” хусусий клиникасини қуриш ва жиҳозлаш ишларига 7,1 миллион АҚШ доллари миқдорда тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритилган. 140 дан зиёд янги иш ўрни яратилиб, стационар шароитда даволаниш учун 90 та ўрин ташкил этилган.  

Ушбу тиббиёт муассасасида травматология, ортопедия, нейрохирургия, умумий хирургия каби қатор соҳаларда аҳолига энг юксак технологиялар воситасида диганостика ва даволаш ёрдами кўрсатиш учун барча имкониятлар яратилган. Корхонага тиббий асбоб-ускуналар Жанубий Корея ва Германия давлатларидан олиб келинган.  

Клникада телемедицина тизими самарали йўлга қўйилган. Беморларни текширувдан ўтказиш ва жарроҳлик амалиёти телемедицина орқали амалга оширилади. Яъни, Бухорода амалга оширилаётган жараёнларни Жанубий Кореядаги “Himchan hospital” мутахассислари бевосита кузатади ва зарур маслаҳатлар бериб боради.  

Муҳими, муассаса иш бошлагач, вилоят аҳолиси ушбу йўналишда малакали тиббий диагностика ва даволаш ёрдами олиш учун олис йўл босиб пойтахтга боришига ҳожат қолмади.  

Эндокринолог-шифокор Гулруҳ Хайруллаеванинг айтишича, клиника очилгандан бери Жанубий Кореянинг малакали жарроҳлари ва маҳаллий ёш малакали шифокорлар билан биргаликда 150 дан ортик нейрохирургик ва травматологик-ортопедик операциялар муваффақиятли амалга оширилган.

Бундан ташқари, “Himchan hospital” раҳбарияти ва Бухоро вилояти ҳокимлиги ўртасида тузилган битимга мувофиқ 100 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож беморда бепул сон-чаноқ ва тизза бўғимини эндопротезлаш операцияси ўтказишга келишилган. Ҳозиргача 10 нафар бемор Жанубий Корея Республикасида, 2 нафари Бухородаги клиникада бепул операция қилинди.

Жарроҳлик амалиётидан кейин бемор асоратларсиз оёққа туриб кетиши шифокорлар олдидаги устувор вазифа саналади. Клиникада операциядан кейинги реабилитацияга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Корея давлати тиббиётидаги ўзига хос жиҳат ҳам шунда. Бухородаги “Himchan” клиникасидаги физиотерапия бўлимида бу борада барча шароит бор.

Яна бир эътиборли томони, ушбу тиббиёт муассасаси нафақат аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш, балки, тегишли соҳалар бўйича шифокорларнинг малакасини ошириш борасида ҳам ўзига хос марказ вазифасини ўтайди. Бу ерда Жанубий Кореядан келган малакали мутахассислар иштирокида маҳаллий шифокорлар учун тиббиёт ютуқлари ва илм-фан янгиликлари юзасидан узлуксиз маҳорат дарслари, семинар-тренинглар ташкил этилади.

 

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

ЎзА