Жанубий Корея мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, мамлакат Қуролли кучлари шахсий таркиби сўнгги олти йилда 20 фоиз қисқариб, ҳозир 450 минг нафарни ташкил қилмоқда. Бунинг асосий сабаби туғилиш даражаси кескин пасайиши билан боғлиқ: 2024 йил бу кўрсаткич атиги 0,75 нафар бўлиб, дунёдаги энг паст даража ҳисобланади.
Ушбу давлатда ҳарбий хизмат мажбурий бўлиб қолмоқда, чунки мамлакат ядровий қуролланган Шимолий Корея билан ҳануз техник жиҳатдан уруш ҳолатини бошдан кечирмоқда. Тадқиқотга кўра, КХДРнинг 1,3 миллионлик армиясига қарши мудофаа учун Корея Республикасига камида 500 минг аскар зарур.
Ҳозир ҳарбий бўлинма сони 2006 йилдаги 59 тадан 42 тага тушган. Шу билан бирга Сеул ҳарбий бюджетни оширмоқда: 2025 йил учун мудофаа харажати 43 миллиард долларни ташкил этди. Бу Шимолий Корея ялпи ички маҳсулотидан ҳам кўп.
Мамлакатда ҳар қандай соғлом эркак 18 ой хизмат қилиши шарт. Бинобарин, бундай тизим ёшлар карьерасига салбий таъсир қилиши тўғрисидаги баҳс тўхтамаяпти. Айрим консерватив сиёсатчилар аёлларни ҳам хизматга чақиришни таклиф қилмоқда. Демографик инқироз давом этса, Жанубий Корея аҳолиси 60 йил ичида тенг ярмига камайиб кетиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА