Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жанубий Хитой денгизида қандай манфаатлар тўқнашади?
21:53 / 2022-06-02

Жануби-шарқий Осиё минтақаси, хусусан, Жанубий Хитой денгизи ҳудуди минтақадаги кўплаб мамлакатлар қатори Хитой ва АҚШ сингари қудратли давлатлар эътиборини ҳам, аллақачон, ўзига тортган.

Муқаддима?

Тарихга назар ташласак, минтақа доим йирик давлатларда қизиқиш уйғотганини кўрамиз. Бир замонлар Жануби-шарқий Осиё Европа мамлакатлари диққат марказига тушганди. Ҳудудда мустамлакачилик экспансияси етакчилари Буюк Британия ва Голландия ҳисобланади. Тахминан 1920-йилларда минтақа Европанинг ушбу икки мамлакати таъсиридаги зоналарга бўлинган эди. Эътиборлиси, фақат Таиланд суверенитетни сақлаб қола олган ва мустамлака зулмидан озод эди.

Мустамлакачилик тузуми парчалангач, Хитойнинг жанубга юриш даври бошланди. 1947 йилги расмий баёнотда Чин юрти Жанубий Хитой сувли ҳудудининг аксарият қисми устидан ўз суверенитетини эълон қилган.

Бунинг устига Хитойнинг Гоминдан ҳукумати 1948 йил “Жанубий Хитой денгизи оролларининг географик чизмаси” ва “Жанубий Хитой денгизи оролларининг жойлашуви харитаси”ни тузган ва нашр этган. Бу ҳужжатларда Хитойнинг манфаат доираси 11 нуқтали чегара чизиғи билан кўрсатилган. Бинобарин, ҳукуматнинг Батьлонгви ороли ва оролга туташ сув ҳудудини Вьетнамга бериш тўғрисидаги қарорига мувофиқ, 1953 йил ХХР бош вазири Чжоу Энлая кўрсатмаси билан харитага ўзгариш киритилди ва натижада машҳур “тўққиз нуқтали чизиқ” пайдо бўлди.

Айнан шу чизма ҳозирги харитада Хитойнинг Жанубий Хитой денгизидаги ҳудудий даъвосини белгилайди.

Тўққиз нуқтали чизиқ

Тасаввур қилиш қийин, аммо Хитой Жанубий Хитой денгизи сув майдонининг, деярли, 80 фоизига даъво қилмоқда.

Чин мамлакати Бутан билан ушбу мамлакат шимолида ҳудудий можаро манбаига айланган 470 км чегарага эга. 1980-йиллардан буён икки мамлакат ҳукумати кескинликни юмшатишга қаратилган чегара ва хавфсизлик масаласи юзасидан мунтазам равишда музокара олиб бормоқда.

Бундан ташқари Парасел ороллари Хитой, Вьетнам ва Тайвань иштирокидаги, Спратли ороллари эса Хитой ва Индонезия ўртасидаги низога сабаб. Қисқаси, Хитой ҳозир мазкур ҳудудда камида 70 оролни назорат қилади.

Бугунги кунда ХХР минтақада кенг кўламли фаолият бошлаб юборган. Масалан, Спратли архипелаги яқинида ҳарбий база қурилиши матбуотда кенг муҳокама қилинмоқда. Айни лойиҳа Пекин учун 200 миллик қирғоқ бўйлаб эркин ҳаракатни таъминлайди.

Ушбу воқеага, кўпроқ, Вьетнам жиддий норозилик билдирди, чунки база мамлакат соҳилидан атиги 250 милда жойлашган.

Хитой ушбу ҳудудда, асосан, ҳаво ҳужумидан мудофаа қуролларини жойлаштирмоқчи. Қолаверса, кичик оролларнинг бир қисми ҳам Хитой томонидан босиб олинган. Европанинг баъзи сунъий йўлдошлари бир неча кичик рифда Хитой уяли миноралари мавжудлигини аниқлади.

— Шубҳасиз, ХХР табиий ресурсга муҳтож, — деб ҳисобламоқда экспертлар. — Жанубий Хитой денгизидаги баҳсли оролларда эса бундай захиралар мавжуд.

Шунингдек, ХХР ҳукумати Жануби-шарқий Осиёдаги энг йирик трансмиллий компаниялар ҳаракатига ҳам қарши чиқмоқда. Хусусан, нефть гигантлари ҳисобланмиш “Exxon Mobil” ва “British Petroleum” мазкур минтақадан чекинишга мажбур бўлди.

Ҳозир Хитойнинг қизиқиш доираси - Жанубий Хитой денгизи ҳудудида кирган ҳар қандай хорижий кема Чин ҳукумати томонидан мамлакат суверенитетига таҳдид сифатида қабул қилинади.

Жануби-шарқий Осиё давлатлари Пекиннинг АСЕАН давлатлари чегаралари яқинидаги баҳсли ҳудуд ва сув устидан амалда назоратни мустаҳкамлашидан хавотирда.

Шу сабабли Жануби-шарқий Осиёдаги бир қатор давлатлар, биринчи навбатда Филиппин ҳукумати айни масалада ёрдам сўраб АҚШга мурожаат қилди.

АҚШ бу ҳудудда нима учун курашади?

Бу савол айни пайт кўпчиликни қизиқтиряпти. Гарчи интилиш Хитойникидек кенг кўламли бўлмаса-да, Жануби-шарқий Осиё АҚШ манфаати диққат марказидан четда эмас. Бугунги кунга келиб Жанубий Хитой денгизи сув майдони нефть ташувининг, қарийб, 70 фоизини ва барча юк ташуви ҳажмининг ярмини ташкил қилмоқда. Бундан ташқари Осиё АҚШ учун импортнинг энг йирик манбаси ва иккинчи йирик экспортчи қитъа ҳисобланади.

Хитойнинг минтақадаги геосиёсий ва геоиқтисодий таъсири ўсиши Қўшма Штатларни ташвишга солмоқда. Натижада кўп давлатлар нафақат минтақада, балки бутун дунёда етакчилик ва ҳукмронлик учун кураш хавфи остида қолаётганини ҳис қилмоқда.

XXI асрда вазият Шарқий Хитой ва Жанубий Хитой денгизларидаги ҳудудий низо туфайли мураккаблашмоқда. Зеро, бу қарама-қаршилик иштирокчилари энг йирик давлатлар. Очиғи, бу омиллар минтақадаги мавжуд муносабатлар ўзгаришига, янги қоида ва меъёрлар пайдо бўлишига олиб келар, эҳтимол. Америка раҳбарияти эса бунинг бари Қўшма Штатлар миллий манфаатига зид, шунинг учун биз, шунчаки, ташқи кузатувчи бўла олмаймиз, деб ҳисоблайди.

АҚШнинг асосий стратегияси — Жанубий Осиё қирғоқларини эгаллайдиган ўқ яратиш ғояси асосига қурилган. Муаммо Тинч ва Ҳинд океанларини боғлаш билан боғлиқ. Бу ердаги алоҳида аҳамиятга эга ҳудуд океанларни туташтирувчи Малакка бўғозидир.

Ким шу бўғозга эга бўлса, Шарқий Осиёга борадиган денгиз юкларини ҳам назорат қилади ва шу орқали Хитой, Япония, Жанубий Корея, Ҳиндистон ва Жануби-шарқий Осиё давлатлари сиёсатига бевосита таъсир кўрсата олади.

АҚШ расмийлари Жанубий Хитой денгизига нисбатан ҳудудий даъвоси йўқлигини таъкидлаб келса-да, Шимолий Америка қитъаси бу минтақада Хитой таъсири кучайишига йўл қўймоқчи эмас.

Нега айнан Жанубий Хитой денгизи?

Юқорида айтиб ўтилганидек, Жанубий Хитой денгизи улкан салоҳият, имкониятга эга.

Аввало, жадал ривожланаётган Хитой ва Ҳиндистон янги бозор, янги ресурсга, назоратсиз денгиз йўлига эркин киришга муҳтож. Бу жараёнда алоҳида геосиёсий ўринни Ҳинд ва Тинч океанлари боғловчи Малакка бўғози эгаллайди. Малакка минтақа ичидаги ва халқаро савдодаги асосий денгиз йўли жойлашган иқтисодий жиҳатдан ўта муҳим макондир.

Кўплаб мамлакатларнинг Жанубий Хитой денгизидаги оролларга қизиқиши ҳудуддаги нефть, газ каби табиий ресурсларнинг йирик захираси мавжудлиги билан боғлиқ. Хитой ва АҚШга бундай ресурслар жуда керак.

Қизиғи шундаки, Америка экспертлари Жанубий Хитой денгизи доирасидаги табиий ресурс захираларини 11 миллиард баррель нефть ва 190 миллиард куб/метр табиий газ, деб баҳолайди. Хитой разведка агентликлари эса бу жойда, тахминан, 230 миллиард баррель нефть ва 16 триллион куб/метр газ жамланган, деб ҳисоблайди. Ҳақли савол туғилади: кимга ишониш керак?

Умуман, минтақада савдо-иқтисодий алоқалар кўпроқ эркин савдо шартномаcи орқали амалга оширилмоқда. Томонлар ҳамкорлигини кенгайтириш мақсадига йўналтирилган Осиёнинг 16 давлати раҳбари ташаббуси - “Минтақавий кенг қамровли иқтисодий ҳамкорлик” яратиш ғояси эса ҳозирча ҳаётга татбиқ этилмаган.

Эслатиб ўтиш жоиз, бу лойиҳага 2012 йил 20 ноябрь куни Камбожада бўлиб ўтган АСЕАН саммитида тамал тоши қўйилган эди.

Дарвоқе, Вьетнам ва Япония бу платформани Хитойнинг кучи ва таъсирини чеклаш воситаси сифатида кўради.

Хуллас, Жанубий Хитой денгизи улкан ресурс ва стратегик потенциалга эга. Майдонни ўзлаштиришга нисбатан интилиш турлича шаклда намоён бўлмоқда. Айрим лойиҳалар ривожланиш босқичида, кўпгина ҳудудлардан фаол фойдаланилмоқда, баъзи жойлар учун эса кураш давом этмоқда. Сувни назорат қилиш энергия захираси ва табиийки, бутун иқтисодий зона устидан назоратни англатади. Демак, Спратли архипелаги ва Парасел оролларига эгалик қилиш энергия таъминоти хавфсизлигини кафолатлайди.

Яқин келажкакда Жанубий Хитой денгизи сувида у ёки бу давлатнинг етакчи роли бошқа ўйинчиларга босим ўтказиш дастаги вазифасини бажариши мумкин.

Бир сўз билан айтганда Жанубий Хитой денгизи АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо қарама-қаршилиги воситасига айланди. Хитой чегарасини кенгайтиришга интилади ва шу йўл билан сиёсий таъсирини кучайтириб боради. Бундан Қўшма Штатлар Осиё-Тинч океани минтақаси ҳукмдори сифатидаги мавжудлигини оқлаш қуроли сифатида фойдаланади.

Интернет материаллари асосида тайёрланди.

Улуғбек МАҲМИРЗАЕВ,

ЎзА шарҳловчиси