Бу ҳақда “Euronews” нашри ёзмоқда.
Таъкидланишича, SA давлат радиоси бошқарувчиларидан бири – 39 ёшли Нонкулулеко Мантула рус армияси учун маҳаллий фуқароларни ёллаганликда гумонланиб, қўлга олинган.
Маҳаллий полиция маълумотига кўра, Мантула тўрт нафар эркакни Россия ҳарбий кучларида хизмат қилишга ундаган ва уларнинг парвозини ташкил қилган. Уч киши Дубай орқали Москвага учиб кетмоқчи бўлган пайт аэропортда қўлга олинган. Яна бири эса аллақачон манзилга етиб боргани тахмин қилинмоқда. Ҳибсга олинган беш киши суд қароригача қамоқда қолади.
Жанубий Африка қонунларига кўра, давлат рухсатисиз бошқа мамлакат армиясида хизмат қилиш қатъиян ман этилади. Бу воқеа мамлакатда Кремль таъсири билан боғлиқ муаммо кучайиши асносида юз бермоқда.
Полиция алоҳида тергов доирасида собиқ президент Якоб Зуманинг қизи Дудузиле Зума-Самбудла устидан ҳам жиноий иш қўзғаган. Айбланувчи 17 нафар эркакни “хавфсизлик бўйича ўқитиш” ваъдаси билан алдагани, аслида эса уларни Шарқий Украинадаги жанг майдонига юборгани гумон қилинмоқда.
2023 йилги халқаро тадқиқотга кўра, Зума-Самбудла назоратидаги ижтимоий тармоқ саҳифалари Россиянинг низо ҳақидаги тарғиботини кенг тарғиб этган.
Ҳозир Жанубий Африка ҳукумати Украинада қолиб кетган 17 фуқароси тақдирини ўрганяпти. Жабрланувчиларнинг паспорти ва кийимлари ёқиб юборилгани, телефонлари олиб қўйилгани ҳақида маълумотлар бор. Расмийлар уларни қайтариш учун халқаро тузилмалар билан ҳамкорлик ўрнатган.
Ҳукумат фуқароларга РФ бўйича “иш” “ўқиш”, “хавфсизлик тайёргарлиги” каби таклифлар билан чиқаётган номаълум шахсларга ишонмасликни қатъий тавсия қилмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА