Жанубий Африкада коронавирус ҳолати яна кўпайиб боришига янги штамм пайдо бўлгани сабаб қилиб кўрсатилмоқда. Вирус мутацияга учраган бўлиши мумкин, касаллик айниқса ёшлар орасида тез тарқаляпти.
Мамлакатнинг аҳоли гавжум Гуантенг туманида аниқланган янги штамм бутун дунёни ҳушёр торттирди. Юқумли касалликлар бўйича мутахассислар фикрича, бу тур ҳам “Дельта” каби хавфли.
Олимлар таъкидлашича, вируснинг инсон организмига эҳтимолий таъсирини аниқлаш учун муайян вақт керак. Зеро, вирус ҳали ривожланишда давом этмоқда ва мутант ўзгариши илгари тахмин қилинганидан кўра кўпроқ ўтказувчан ёки ҳалокатли бўлиши мумкин.
Б.1.1.529 сифатида аниқланган янги коронавирус Жанубий Африкадан келган саёҳатчилар орқали Ботсвана ва Гонконгга ҳам тарқалган.
Янгиланган инфекция тўлқини қўрқувидан хавотирланган Британия ҳукумати аллақачон Жанубий Африка ва қитъанинг жанубий қисмидаги 5 давлатга парвозни тақиқлади. Шунингдек, ушбу мамлакатлардан яқинда келган ҳар бир кишига COVID-19 тести топшириш шартини жорий этди.
Вирус вариантининг мамлакатда тарқалишини кузатган Жанубий Африкадаги Геномик кузатув тармоғи аъзоси Тулио де Оливейра бу ҳақда шундай деди: "Қаттиқ мутацияга учраган ушбу янги штамм аҳоли орасида жуда тез тарқалаётганини кузатиш мумкин. Келгуси бир неча кун ва ҳафтада беморлар сони яна ошади. Вариантнинг 100 та бутун геномини ўрганаётган олимлар яқин кунларда натижага эришишини кутяпмиз.
Кембриж университети микробиология клиникаси профессори Равиндра Гупта Б.1.1.529 номи бу янги штамм ҳақида гапираркан, “кўп сонли мутацияга, ўтказувчан хусусиятга эгалиги, иммунитетга таъсир қилиши”ни айтган.
Вирус кўпайишига айнан янги штамм сабабми ёки йўқми, ҳали узил-кесил изоҳланмаган бўлсада, Гуптанинг сўзларига кўра, "шундай эканлиги эҳтимоли юқори".
Жанубий Африкада COVID-19 ҳолати ўтган ҳафта кескин кўпайди. Ҳар куни 200 дан ортиқ, чоршанба куни эса, тўсатдан, 1 200 дан зиёд янги ҳолат қайд этилди. Пайшанба куни касалланиш кўрсаткичи 2 465 га чиқди. Юқори ўсиш суръати Претория ва яқин атрофдаги Тшван метрополитени ҳудудида, жумладан, университет талабалари орасида кузатилган.