Малайзия Жануби-шарқий Осиёнинг жадал ривожланаётган давлатларидан бири бўлиб, кўп миллатли жамияти, барқарор иқтисодиёти ва очиқ туризм сиёсати билан ажралиб туради.
Мамлакат ҳудуди Малакка ярим ороли ҳамда Борнео оролини қамраб олган бўлиб, табиий бойликлар, тропик ўрмонлар ва соҳилбўйи шаҳарлар уни халқаро сайёҳлик бозорида муҳим иштирокчига айлантирган.
Сўнгги йилларда Малайзия бошқа давлатлар қаторида Ўзбекистон билан ҳам ҳамкорликни изчил мустаҳкамлаб бормоқда. Айниқса, иқтисодий, туризм соҳалари икки мамлакат ўртасидаги алоқаларнинг энг фаол йўналишларидан биридир. Ўзаро саёҳатлар географиясининг кенгайиши, авиақатнов имкониятларининг ортиши ва туроператорлар ўртасидаги ҳамкорлик лойиҳалари бу жараёнга туртки бермоқда.
Маданий яқинлик, мусулмон сайёҳлар учун қулай шароитлар, ҳалол туризм инфратузилмасининг шакллангани ҳам ўзбекистонлик саёҳатчилар учун Малайзияни жозибадор манзилга айлантирмоқда.
Шу билан бирга, малайзиялик сайёҳлар учун ҳам Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари ва зиёрат туризми йўналишлари катта қизиқиш уйғотмоқда.
Малайзия ҳукумати сўнгги йилларда туризмни стратегик тармоқ сифатида қўллаб-қувватлаб, инфратузилмани модернизация қилиш, ҳаво қатновларини кенгайтириш ва халқаро брендни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Шу боис, мамлакат нафақат дам олиш, балки ишбилармонлик ва таълим туризми йўналишларида ҳам жозибадор ҳисобланади.
Ана шундай томонлар ўртасидаги ҳамкорлик самарасида жорий йилнинг 2-9 март кунлари "AirAsia X" компанияси томонидан "Tourism Malaysia" ташкилоти ҳамкорлигида бир гуруҳ ўзбекистонлик журналистлар учун Малайзияга пресс-тур ташкил этилди.
Сафар туризм соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини яқиндан намойиш этишга қаратилгани билан аҳамиятли.
Кота-Кинабалу шаҳри билан танишув
Кота-Кинабалу Сабаҳ штати пойтахти бўлиб, Малайзиянинг Борнео ороли қисмида жойлашган. Ушбу шаҳар тропик иқлими, мусаффо ҳавоси ва осойишта турмуш тарзи билан ажралиб туради. Йил давомида ўртача ҳарорат 25-32 даража атрофида бўлиб, табиат ва замонавий шаҳарсозлик ечимлари бир-бирини табиий тарзда тўлдириб туради.
Кинабалу тоғи ушбу шаҳарнинг энг машҳур табиий рамзи бўлиб, унинг баландлиги 4095 метрни ташкил этади. У ЮНЕСКО мероси рўйхатига киритилган миллий боғ ҳудудида жойлашган бўлиб, альпинизм ва экотуризм қизиқувчилари учун машҳур манзил.
Тунку Абдул Раҳман парки ҳам мазкур шаҳар яқинидаги миллий маскан саналади. У 3-8 километр масофадаги бешта оролдан иборат бўлиб, бугунги кунда Малайзиянинг биринчи бош вазири Тунку Абдул Раҳман номи билан аталади. Паркнинг ороллари табиий гўзаллиги ва пляжлари билан машҳур. Денгиз ва маржон қоялари сув спорти, снуклинг ва дайвинг учун жозибали жой саналади.
Паркда ўсимликлар, ҳайвонлар ва денгиз экотизимлари муҳофаза қилинади. Кота - Кинабалу марказидан қайиқ йўли билан борилади. Тунку Абдул Раҳман парки табиат, пляжлар ва сув фаолиятлари учун машҳур экотуризм зонаси.
Кота-Кинабалу таълим соҳасида ҳам муҳим ўрин тутади. Universiti Malaysia Sabah халқаро талабаларни қабул қиладиган нуфузли олий таълим муассасаси сифатида танилган.
Иқтисодиётнинг асосий тармоқлари туризм, хизмат кўрсатиш, балиқчилик ҳамда нефть ва газ саноати билан боғлиқ. Шу жиҳатдан шаҳар нафақат сайёҳлик, балки ишлаш ва ўқиш учун ҳам қулайликларга эга.
Эътиборли жиҳати, бу ерда 30 дан ортиқ маҳаллий этник гуруҳлар истиқомат қилади ва 150 дан зиёд лаҳжаларда сўзлашилади. Ана шу хилма-хиллик билан бирга, Сабаҳнинг ҳар бир тумани ўзига хос хусусиятларга эга.
Сабаҳда сокин қишлоқлар ва шаҳарчалар билан бир қаторда ривожланиб бораётган шаҳарлар ҳам бор. Унинг био-маданий хилма-хиллиги этник қабилалардан тортиб, табиий манзараларгача бетакрор.
Очиқ осмон остидаги музей ёхуд Малайзия миллий таомлари
Очиғини айтиш керакки, ҳар бир давлат халқи ўз анъаналарини қадрлайди ва уларни авлодларга етказишни бурч деб билади. Шу каби тарихий анъаналарини сақлаш уларнинг муҳим вазифасидир.
Кота-Кинабалу шаҳри яқинида жойлашган "MariMari Cultural Village" музейини томоша қилиш чоғида бунга яна бир бор амин бўлдик. У мамлакатнинг машҳур маданий-туристик масканларидан бири ҳисобланади. Мазкур маданий қишлоқ 1996 йилда ташкил этилган бўлиб, у Борнео оролида яшовчи маҳаллий халқларнинг турмуш тарзи, урф-одатлари ва анъаналарини намойиш этувчи очиқ осмон остидаги музей сифатида фаолият юритади.
Маскан Кота-Кинабалу шаҳридан тахминан 20-30 дақиқалик масофада жойлашган. Бу ерда Сабаҳда истиқомат қилган кадазан-дусун, рунгус, лундайех, бажау ва муруд халқларининг анъанавий уйлари ва ҳаёт тарзи акс эттирилган.
Туристлар қишлоқ бўйлаб экскурсия давомида бамбук ёрдамида олов ёқиш, қадимий ов усуллари, маҳаллий таомлар тайёрлаш жараёни билан танишиши мумкин. Шунингдек, меҳмонларга миллий рақслар ва маданий чиқишлар намойиш этиш ҳам музей фаолиятининг асосий дастуридан ўрин олган.
Маскан мутахассисларининг таъкидлашича, мазкур маданий қишлоқнинг асосий мақсади Борнео маҳаллий халқларининг бой маданий меросини асраб-авайлаш ҳамда уни халқаро сайёҳларга кенг тарғиб қилишдан иборат.
Бу бойлик тарих ва анъаналар билан уйғунлашган бўлиб, санъат, мусиқа ва таомлар асносида ҳам анъанавий, ҳам замонавий шаклда намоён бўлади.
Умуман олганда, очиқ осмон остидаги музей ушбу ҳудудда яшовчиларнинг фахри ҳисобланади.
Шуни алоҳида айтиш керакки, малай миллий таомлари ўзига хос. Эҳтимол, бу шу ҳудуд иқлими билан боғлиқ. Бироқ улар Марказий Осиё халқлари тановул қиладиган овқатлардан анча фарқ қилади.
Пресс-тур иштирокчиларига шаҳар бўйлаб ҳамроҳлик қилган маҳаллий гид Дани Матиаснинг таъкидлашича, Кота-Кинабалу денгиз маҳсулотлари билан машҳур. Ресторан ва бозорларда янги овланган балиқ, қисқичбақа, калмар ва бошқа денгиз неъматлари таклиф этилади.
-Денгиз ошхонаси табиийлиги ва бой мазаси билан ажралиб туради. Малай миллий ошхонаси хушбўй карри, кокос сути қўшилган таомлар ва зираворларга бой рецептлари билан машҳур.
Шу билан бирга, шаҳарда испан, таиланд, итальян каби ошхоналар ҳам фаолият юритади. Мен юртингизга бормаганман. Лекин Ўзбекистонда саёҳат қилиш, унинг тарихи, миллий маданияти ва таомлари ҳақида маълумотга эга бўлиш истагим бор. Ҳамкорлигимиз мустаҳкамланаверсин, - дея таъкидлади у.
Эътиборли жиҳати, Кота-Кинабалу турли маданият ва анъаналарни бир ҳудудда уйғунлаштиргани билан сайёҳлар қизиқишини оширмоқда.
[gallery-27976]
Мутахассис билан суҳбат
Кейинги пайтда Малайзиянинг Сабаҳ штати Ўзбекистон билан сайёҳлик соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга катта эътибор қаратмоқда. Ҳозирги кунда эса бу борада дадил қадамлар ташланган.
Сабаҳ туризм, маданият ва атроф-муҳит вазирлигининг Туризм кенгаши маркетинг менежери Заринаҳ Амилудин хонимнинг таъкидлашича, 2025 йилда 3,7 миллион нафар халқаро ва маҳаллий сайёҳ мазкур штатга келган. Бироқ Марказий Осиё давлатларидан келувчилар кўпчиликни ташкил этмайди. Ўтган йил сарҳисобига кўра, Ўзбекистондан келган сайёҳлар сони 300 нафарга яқин.
-Шу билан бирга, Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистондан Сабаҳга кўпроқ сайёҳларни қандай жалб қилишни ҳам ўрганяпмиз. Менимча, сайёҳларга оролларимиз жуда ёқади. Шунингдек, меҳмонхоналар ва курортлар ҳам.
Бир вақтнинг ўзида, Марказий Осиё сайёҳлари учун қайси таомлар мос келишини ҳам ўрганяпмиз.
Биз Малайзия туризм ташкилоти билан яқин ҳамкорликда ишлаяпмиз. Шунингдек, агентликлар билан ҳамкорлик қилиб, ушбу бозорни қандай ривожлантириш масаласи бизнинг устувор вазифамизга айланмоқда. Мақсадимиз мазкур йўналишни ривожлантириш ва шу орқали кўпроқ сайёҳларни жалб қилиш, Сабаҳ имкониятлари ҳақида кенгроқ маълумот беришдир.
Яна бир жиҳатни айтишни истардимки, Малайзия хавфсиз мамлакат.
Туристик объектлар кечгача ишлайди, сайёҳлар кечаси ҳам сайр қилишади ва бу муаммосиз кечади.
Шунингдек, маслаҳат хизмати ҳам мавжуд. Туризм бўйича мурожаат қилиш учун махсус линия ишлайди. Бу чат-бот шаклида бўлиб, уни расмий сайт ёки кириш жойларида топиш мумкин. Аэропортларда QR-кодлар ҳам бор. Уларни сканер қилиб, энг яқин шифохона ёки полиция бўлими ҳақида маълумот олиш мумкин.
Аҳамиятлиси, Сабаҳ табиати, ороллари, миллий удумлари билан Малайзиянинг бошқа штатларидан ажралиб туради, - деди у.
Мухтасар айтганда, Сабаҳнинг Кота-Кинабалу шаҳри билан танишувимиз таассуротларга тўла бўлди. Табиати, одамлари, анъаналари ва таомларидан ҳайратландик.
Шаҳар том маънода Малайзиянингтуризм салоҳиятини тўлиқ намоён этадиган, халқаро меҳмонлар учун қулай ва очиқ муҳитяратган экоҳудуд эканига амин бўлдик.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
Малайзия, Кота-Кинабалу.