Шу кунларда Жануби-шарқий Осиёда мавсумий ёмғир ва тропик тўфон минтақа аҳолиси учун ҳақиқий офатга айланмоқда. Айниқса, инфратузилма издан чиқаётган мамлакатлар иқтисодиёти мислсиз талофат кўрмоқда. Ҳосилдор ерлар сув остида қолган. Кенг кўламли тошқин ва кўчкилар туфайли юзлаб одам ҳалок бўляпти, ўн минглаб оила уйсиз қоляпти. Йўқолганларни қидириш давом этмоқда.
Индонезиянинг Суматра оролида вазият жуда оғир. Бутун-бутун кўча ва маҳаллалар сувга ғарқ бўлгани сабаб, 248 киши тошқин қурбонига айланди, жуда кўп иноснларнинг тақдири номаълум.
Таиландда 145 киши ҳалок бўлгани айтилди. Офат 3,5 миллиондан кўп аҳоли ҳаётига салбий таъсир кўрсатди. Гарчи, сув сатҳи аста-секин пасайиб бораётганига қарамай, ўнлаб маҳаллалар аҳли ёрдамга муҳтож, хонадонлар электрдан узилган.
Вьетнамда кучли ёғингарчилик натижасида юзага келган тошқин ва кўчки 100 га яқин одамнинг ёстиғини қуритди, 10 киши ҳамон бедарак.
Мамлакатнинг марказий вилоятлари энг кўп зарар кўрди.
Шри-Ланкада жала тинмаяпти. Ҳозиргача камида 123 киши ҳалок бўлгани маълум қилинган, 130 инсоннинг дараги чиқмаяпти.
Малайзияда эса фуқаролар хавфсиз ҳудудларга кўчирилмоқда. Тахминан 30 000 киши махсус марказларга жойлаштирилди. “Сеньяр” тропик бўрони икки кишининг ҳаётига зомин бўлди.
С.Раҳимов, ЎзА