Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жанубда “Яшил макон” лойиҳасининг кузги мавсуми бошланди
10:50 / 2024-10-08

Сурхондарё вилоятидаги М39 халқаро автомагистрал йўлининг Термиз ва Ангор туманлари туташган ҳудудида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсумига старт берилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этиб, илк дарахт кўчатини экиб берди. Мавсумни сифатли ўтказиш, ҳудудларнинг тупроқ ва иқлим шароитларига мос дарахт ва бута кўчатлари экиш, ҳар бир кўчатни суғориш, парваришлаш масаласини ҳал этгач, уни қадаш юзасидан таклиф ва тавсияларини билдирди. Мазкур ҳудудда экилаётган кўчатларга сув тараш учун жорий этилаётган ёмғирлатиб суғориш технологияси ва унинг ишлаш жараёни билан танишди.  

Воҳада умуммиллий лойиҳанинг кузги мавсумини сифатли амалга ошириш учун алоҳида ҳозирлик кўрилиб, туманларнинг иқлим шароитидан келиб чиқилган ҳолда экиладиган дарахт кўчатлари дислокацияси ва комплекс чора-тадбирлар белгиланган манзилли дастур яратилди. Унда Термиз шаҳри ва туманлар иқлим шароитига мос дарахтлар билан ҳудудларни яшилликка буркаш тавсия этилган. Масалан, Ангор, Қизириқ, Музработ, Бандихон, Жарқўрғон туманлари ҳамда Шеробод туманининг дашт ҳудудларига қайрағоч, вилоятнинг шимолий, шимолий-ғарбий ҳудудларидаги Бойсун, Денов, Узун ва Сариосиё туманларига лола дарахти, эман, каштан дарахтлари, Қумқўрғон, Термиз ва Термиз туманлари иқлимига мос қайрағоч, заранг каби дарахтлар кўчатларини қадаш тавсия этилаётир.  

Манзилли дастурда, шунингдек, инсон организмига салбий таъсир кўрсатмайдиган, аллергия қўзғатмайдиган дарахт турларини экишга эътибор қаратилган. Шунингдек, яхши ниятлар билан ерга қадалган дарахт кўчатларининг униб кетиши учун зарур шароитларни яратиш, ўз вақтида парваришлаш, суғориш ҳамда суғориш тизимлари билан таъминлаш Термиз шаҳри ва туманлар ҳокимига юклатилади.  

Маълумотларга кўра, вилоятда “Яшил макон” умуммиллий ҳаракатининг кузги мавсумида 6 миллион 300 минг туп мевали-манзарали дарахт кўчатларини экиш мўлжалланмоқда. Мавсумда 16 та “Ҳокимлик боғи” яратилади. 47 гектар ерда “Яшил белбоғ”, 23 гектарда “Менинг боғим” барпо этилади.  

Холмўмин Маматрайимов,  

ЎзА мухбири