Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жанубда Янги йилга тайёргарлик бошланди
15:53 / 2025-12-02

Сурхондарё вилоятида жорий йил илк марта воҳанинг асосий Янги йил байрами арчаси Термиз туманидаги “Янги Ўзбекистон” массивида қад ростлайди.

Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар қилди. 

Маълумотга кўра, халқимиз, айниқса, болажонларга ўзгача қувонч ва завқу шавқ улашадиган байрамнинг асосий арчаси Термиз туманида бунёд этилаётган “Янги Ўзбекистон” массиви ҳудудидаги янги қурилган амфитеатр майдонига ўрнатилади. Вилоятда шодиёнага юқори даражада ҳозирлик кўриш, воҳа аҳолисига энг қувноқ байрам кайфиятини улашиш учун тайёргарлик ишлари бошланди. 

Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Термиз туманида осмонўпар янги уйлар ва бошқа ижтимоий соҳа объектлари қурилаётган “Янги Ўзбекистон” массивида бўлиб, замонавий амфитеатр майдонида маданият ва санъат соҳаси масъуллари, байрамни ташкил этиш ҳамд ўтказиш бўйича ташкилий қўмитаси аъзолари иштирокида воҳанинг асосий Янги йил арчасини ўрнатиш юзасидан тайёрланган тақдимот билан танишди. Аҳолига кўтаринки байрам кайфиятини улашувчи дастурлар ва декорацияларни яратиш, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, сифатли хизматлар кўрсатиш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб берилди.

Тақдимот чоғида, шунингдек, Термиз шаҳри ва барча туманларда байрам арчаларини ўрнатиш ишларини бошлаш, майдонларни байрамона безатиш ҳамда Янги йил муносабати билан арзонлаштирилган савдо ярмаркаларида харидорларни сифатли, арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш топширилди. 

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири