Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси жамоат хавфсизлиги хизматига замонавий техник воситалар билан жиҳозланган 24 та “Cobalt” русумли хизмат автомашинаси топширилди.
Президентимиз жорий йилнинг 27 январь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш юзасидан аниқ ва қатъий вазифалар белгилаб берилди. Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш учун Сурхондарё вилоятида янгича ишлаш тизими жорий этилмоқда. Шунга мувофиқ эндиликда патруль-пост, йўл патруль, қўриқлаш ва профилактика инспекторлари туну кун, уч сменали хизмат режимига ўтди. Бу тартибни жорий этишдан мақсад – ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар келиб тушганида патруль гуруҳларининг беш дақиқа ичида воқеа жойига етиб боришини таъминлашдан иборат.




Вилоят ИИБ жамоат хавфсизлиги хизматига топширилган транспорт воситалари янги хизмат тизими самарадорлигини янада оширади. Патруль-пост хизмати батальони ходимларининг тезкор ҳаракатланишига қулай имконият яратади. Айниқса, аҳоли гавжум маҳаллалар, бозорлар ва кўнгилочар масканларда жамоат тартибини сақлашда муҳим аҳамият касб этади. Жамоат хавфсизлиги ва қонун устуворлигини, аҳолининг осойишта, фаровон ҳаётини таъминлашга хизмат қилади.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири