18 апрел – Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари куни
Бугун Сурхондарё вилоятида ҳам уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари касб байрамларини кенг нишонламоқда.
Шу муносабат билан Термиз шаҳрида бўлиб ўтган тадбирда Сурхондарё вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси бошлиғи Панжи Тангриев соҳа ходимларини касб байрамлари билан табриклаб, кейинги йилларда тизимга қаратилаётган эътибор ҳақида атрофлича сўз юритди. Соҳада юз бераётган ўзгариш ва янгиланишлар, вилоятнинг коммунал тармоқлари барқарорлигини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар аҳолининг обод, кўркам массив ва маҳаллаларда тинч, тўкин яшашига хизмат қилаётганини таъкидлади.

Вилоятнинг уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимидаги корхона ва ташкилотларда беш юздан ортиқ муҳандис-техник ходим, моҳир уста чилангар, механик, оператор, ишчи ва бошқа малакали мутахассислар меҳнат қилмоқда.
Тадбирда соҳада кўп йиллардан буён самарали фаолият юритиб, бошқаларга намуна бўлаётган бир гуруҳ ходимлар “Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

– Касб байрамимизда кўп йиллик ҳалол меҳнатим алоҳида эътироф этилиб, кўкрак нишони билан тақдирланганимдан беҳад қувондим, – дейди Жарқўрғон тумани ободонлаштириш бошқармаси ишчиси Абдуали Бамиев. – Касбимиз аҳоли турмуш тарзига, кайфиятига бевосита таъсир қилувчи ниҳоятда масъулиятли иш. Ана шундай шарафли касбда меҳнат қилиб, туманимиз ободлиги ва озодалигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшаётганимдан фахрланаман.

Вилоятда байрам тадбирлари давом этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири